Халқаро таълим эшиклари очилмоқда
Жиззах вилоятининг Фориш туманида битирувчи ёшларнинг замонавий таълимга қизиқишини ошириш, уларни халқаро стандартлар асосидаги аграр таълим имкониятлари билан таништириш мақсадида АҚШ нинг Халқаро қишлоқ хўжалиги университети (IAU) мутасаддилари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда Оқтом, Эгизбулоқ ва Нурак маҳаллаларида яшовчи ўқувчи-ёшлар, таълим соҳаси вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Тадбирни Фориш тумани ҳокими ўринбосари Элнора Умматова ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Гавҳар Беркинова очиб, бугун мамлакат тараққиёти билимли, ташаббускор ва замон билан ҳамнафас ёшлар қўлида эканини таъкидлашди. Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда ёшларни халқаро таълим муҳитига олиб чиқиш, уларнинг илмий салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Учрашувда АҚШ лик профессор доктор Грейс Масупа, университет проректори доктор Абдулла Примов, магистратура ва илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи доктор Бахтиёржон Абдусатторов ҳамда форишлик фаол талаба Сарвар Болиқулов иштирок этиб, ёшларга аграр соҳадаги замонавий таълим тенденциялари, халқаро грант дастурлари, академик мобиллик ва келгусидаги карьера имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Алоҳида таъкидланганидек, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 майдаги “Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Британиянинг нуфузли “Royal Agricultural University” билан ҳамкорликда ташкил этилган. Университетда “Ақлли қишлоқ хўжалиги”, агрологистика, агроиқтисодиёт, биотехнология, озиқ-овқат хавфсизлиги каби йўналишларда инглиз тилида таълим берилиши, хорижлик профессорлар жалб этилгани ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда аграр соҳани илмий-инновацион асосда ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, Президент ташаббуси билан аграр таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, соҳада халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Бу жараёнлар ёшларга нафақат сифатли таълим, балки глобал меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш имкониятини ҳам яратмоқда.

Тадбирда иштирок этган 300 га яқин битирувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, хорижий таълим тизими, қабул жараёнлари ва грант имкониятлари бўйича батафсил маълумотга эга бўлишди. Айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган иқтидорли ёшларнинг халқаро таълимга кенг жалб этилаётгани уларнинг эртанги кунига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Зеро, юрт тараққиётини илмли, замонавий билим ва технологияларни пухта эгаллаган ёшлар белгилайди. Форишда ўтказилган мазкур учрашув эса ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири