Ноқонуний сақланаётган портловчи модда ва пневматик қурол
Бухоро вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ДХХ вилоят бошқармаси вакиллари ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назорат остига олинган фуқаронинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Текширув жараёнида ҳеч қандай тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, умумий вазни 525 граммни ташкил этувчи кукунсимон, “порох” портловчи моддасига ўхшаш ашё аниқланди.

Шунингдек, хонадондан 1 дона пневматик милтиқ ҳам ноқонуний равишда сақлаб келинаётгани маълум бўлди. Аниқланган ашёвий далиллар белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, тегишли тартибда олиб қўйилди.
Мутасадди идоралар томонидан мазкур ҳолат юзасидан барча зарур процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозир терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Аниқланган моддаларнинг келиб чиқиши, сақлаш мақсади ва ҳолат билан боғлиқ бошқа жиҳатларга ҳуқуқий баҳо берилади.

Портловчи моддалар ва турли хил қуролларни ноқонуний сақлаш нафақат қонунбузарлик, балки жамоат хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Шу боис бундай ҳолатларнинг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири