Туркий халқлар мусаввирлари бир-бирига яқинлашмоқда
Бобур шаҳрида ўтказилаётган Рассомлар фестивали дастури доирасида Андижон давлат университетида “Туркий дунё санъати: тарихий-маданий мерос ва замонавийлик” мавзусида илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, TURKSOY – Халқаро туркий маданият ташкилоти, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманнинг иштирокчилари билан суҳбатда бўлдик.
Камола Акилова, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори:
– Президентимиз ташаббуси билан юртимизда тасвирий санъат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали ижодкорлар, истеъдодли рассомларни аниқлаш, уларни маънавий ҳамда моддий рағбатлантириш, жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек тасвирий санъатининг турли йўналишларини янада ривожлантириш мақсадида Андижонда ўтказилаётган Рассомлар фестивали нафақат биз шунингдек, соҳа вакиллари, балки кўпдан-кўп юртдошларимиз учун ҳам ҳақиқий санъат байрамига айланди.
Қолаверса, фестиваль доирасида ўтказилган илмий-назарий анжуман туркий халқлар тасвирий ва амалий санъат вакиллари, мусаввирларни бир-бирларига янада яқинлаштирди. Юртимиз, қўшни Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, қардош Озарбайжон ва туркиялик олимлар, мутахассислар иштирок этган анжуманда туркий дунё санъатининг ютуқ ва муаммолари, уни ўрганиш, тадқиқ этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Маърузаларда туркий халқлар тасвирий ва амалий санъатининг ўхшашлиги, ўзига хос жиҳатлари хусусида кўпдан-кўп қизиқарли маълумотлар айтилди.
Эльчин Шамилли, Озарбайжон Миллий фанлар академияси Меъморчилик ва санъат институти етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Анжуманда иштирок этаётганимдан мамнунман. Очиғи, Ўзбекистонда тасвирий ва амалий санъат вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида фестиваль ўтказилаётганлиги, юртингизда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътиборга ҳавасим келди. Ишонаманки, ана шу эътибор яқин йиллар ичида катта самаралар беради, янги-янги истеъдодлар кашф этилади, ўзбек тасвирий санъатининг мавқеи халқаро миқёсда янада юксалади.
Анжуманда “Туркий маданиятнинг визуал коди замонавий санъат ва дизайн асоси сифатида”ги маърузам билан иштирок этдим. Ана шу йўналишни чуқур ўрганган мутахассис сифатида айтишим мумкинки, туркий халқлар қадим тасвирий санъат асарларининг услуби, ранг-баранг ва нафис нақшлари, бетакрор табиат манзаралари, ўзига хос кўринишлари бугун кўплаб давлатларда замонавий санъат ва дизайнни яратиш, меъморчилик учун муҳим асос бўлмоқда. Бу туркий халқлар тасвирий санъатининг умрбоқийлиги, анъаналари давомийлигини англатади.
Шу ўринда TURKSOY – Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти, деб эълон қилинганлиги бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Чунки Бобур шаҳрида ўтказилаётган Рассомлар фестивалининг ўзи Андижон ана шу номга муносиб эканлигини бир намунасидир.
Мен кундан-кунга юксалиб бораётган юртингизга, меҳмондўст ўзбек халқига тинчлик-хотиржамлик, омонлик тилайман. Ишонаманки, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати янада ривожланади.
Гулабза Қаршиева, Камолиддин Бехзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори, доцент:
– Жуда мазмунли ва фойдали ўтган анжуман мавзу доирасидаги ютуқ ва муаммоларни, илмий қараш ва хулосаларни муҳокама қилиш, кенг жамоатчиликка етказиш, янги таклиф ва ташаббусларни илгари суриш имконини берди.
Жумладан, анжуманда “Миниатюра санъатида туркий адабий матннинг визуал интеграцияси (Алишер Навоийнинг “Хамса”си мисолида)” мавзусидаги маъруза билан иштирок этиб, “Хамса” достонларидаги баёнлар, сюжетларга ишланган миниатюраларни ўрганиш, тадқиқ этиш борасидаги илмий қарашларим, хулосаларим билан ўртоқлашдим.
Тасвирий санъатнинг миниатюра йўналиши ноёб, асосан, туркий халқлар санъатига хос йўналиш ҳисобланади. Мазкур йўналишни ўрганиш, тадқиқ этиш борасида жуда кўп ишлар қилиниши лозим. Шу маънода ўтказилган анжуман бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтариш, олим ва мутахассислар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг йўл очиб берди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурати), ЎзА мухбирлари.