Ижтимоий хизматлар манзиллилиги таъминланмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жойларда олиб борилаётган манзилли ишлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилоятининг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан мунтазам хабар олиниб, уларга ижтимоий-маиший, тиббий ва реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда.
Бу борада “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Ана шундай фуқаролардан бири Олот тумани Усмоншайх маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган Муҳаррам Тоҳирова давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар билан тўлиқ қамраб олинган.
Унга ижтимоий-маиший хизматлар мунтазам кўрсатилиб, тиббий-реабилитация ёрдамлари ташкил этилган. Шунингдек, кундалик эҳтиёжларини енгиллаштириш мақсадида манзилли ёрдамлар кўрсатилмоқда. Ҳомийлик асосида амалга оширилган мослаштириш хизмати орқали фуқаронинг хонадони таъмирланиб, яшаш шароити янада яхшиланган.
Бундан ташқари, ҳар ой компенсация тўловлари ўз вақтида етказиб берилаётгани, тиббиёт муассасалари томонидан зарур дори-дармон воситалари билан таъминланаётгани ҳамда даволаниши учун ордерлар ажратилаётгани унинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Зойиров ҳам Муҳаррам опанинг хонадонида бўлиб, унинг яшаш шароити, саломатлиги ва кундалик эҳтиёжлари билан яқиндан танишди. Қоракўл тумани Тинчлик маҳалласида яшовчи якка-ёлғиз кекса Тошпўлат Қутлиев ҳолидан ҳам мунтазам хабар олинмоқда. Унинг турмуш шароити, соғлиги ва кундалик эҳтиёжлари атрофлича ўрганилди.
Тошпўлат Қутлиевга ижтимоий ходимлар томонидан протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитациянинг техник воситалари етказиб берилган. У ҳам “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги хизматлар билан қамраб олинган бўлиб, коммунал тўловлар учун компенсациялар тайинланган. Шу билан бирга, куз-қиш мавсуми ва муборак Рамазон ойи муносабати билан бир марталик моддий ёрдамлар ажратилган.
Қоракўл тумани Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Раъно Холмуродова ҳам доимий эътибор ва ғамхўрлик билан қамраб олинаётган фуқаролардан бири. Унга ҳам ижтимоий ходимлар томонидан турли ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, протез-ортопедия мосламалари ҳамда техник реабилитация воситалари етказиб берилган.
Шунингдек, Раъно хола “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги хизматлар билан қамраб олиниб, унга коммунал тўловлар учун компенсациялар тайинланган. Куз-қиш мавсуми ҳамда Рамазон ойи муносабати билан моддий ёрдамлар ажратилгани эса унга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир.
Бошқарма бошлиғи Шерзод Зойиров Раъно хола билан ҳам самимий суҳбат қуриб, унинг яшаш шароити ва ҳол-аҳволи билан яқиндан танишди.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай манзилли ижтимоий хизматлар ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳаётдан мамнун яшаши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши ҳамда эртанги кунга ишонч билан қарашига хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири