Тошкентда Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг оралиқ мажлиси ўтказилди.
Ушбу кенгаш Ҳукумат ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик халқаро инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминловчи асосий майдон ҳисобланади.
Мазкур сессия жорий йил 18 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Кенгашнинг IV ялпи мажлиси олдидан томонларнинг қарашлари ва позицияларини ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигида ўтган мажлис келиб тушган ташаббуслар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар позицияларини мувофиқлаштириб борди. Сессия ишида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ҳамда кенгаш котиби Азиз Ғафуров иштирок этди.
Учрашувга Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси модераторлик қилди.
Муҳокамалар марказида тартибга солиш, солиқ ва божхона, инфратузилма, рақамлаштириш ҳамда молия соҳаларини қамраб олган 116 та ташаббус бўлди. Ушбу таклифлар инвесторларнинг кенгаш таркибидаги мавзувий ишчи гуруҳларда олиб борган тизимли фаолияти якунлари бўйича шакллантирилган.
[gallery-29501]
Қайд этиш керак, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳамда электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлар учун солиқ режимини қонунчиликда мустаҳкамлаш, шунингдек, қўшимча капиталга киритилган ҳиссалар солиққа тортилиши қоидалари аниқ белгиланиши таклиф қилинди.
“Masdar” ва “China Energy” компаниялари қайта тикланувчи энергетика ҳамда энергияни сақлаш тизимлари лойиҳалари учун ер ва мол-мулк солиқлари бўйича имтиёзлар бериш тартибини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқди.
“Deloitte” ва “Voltalia” компаниялари инвестор фаолият юритаётган ҳар бир ҳудудда доимий муассасани рўйхатдан ўтказиш талабини бекор қилиш ҳамда мамлакатимизда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар импортида қўшимча қиймат солиғидан озод этиш механизмини жорий этиш масаласини ўртага ташлади.
Йиғилишда рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қатор компанияларнинг қўшма ташаббуслари сунъий интеллект соҳасида ҳуқуқий базани яратиш, жумладан, “Сунъий интеллект тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишга қаратилган.
Бундан ташқари, онлайн ва офлайн савдода якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҚҚС остонасини табақалаштириш масаласи ҳам кўтарилди.
Бу йўналишда ер муносабатлари ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам асосий йўналиш ҳисобланади. “Kosta Legal” компанияси ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ер участкаларини тайёрлаш ва сотиб олишнинг юридик тартибини унификация қилиш, ер омбудсмани институтини таъсис этиш ҳамда низоларни судгача ҳал қилиш учун апелляция комиссияларини тузишни таклиф этди.
Мулоқот чоғида Ислом тараққиёт банки “яшил сукук” эмиссияси учун ҳуқуқий асос яратиш ва исломий суғуртани жорий этиш таклифини билдирди.
Мажлис якунида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билдирилган ҳар бир ташаббус таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш учун асос сифатида кўрилаётганини таъкидлади.
Эришилган келишувлар мажлиснинг расмий баёни билан расмийлаштирилиб, унда масъул вазирликлар ва аниқ ижро муддатлари белгилаб қўйилади.
Айнан ушбу ҳужжат 2026 йил 18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгаши ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш жараёнида мониторинг олиб боришнинг асосий воситаси бўлиб хизмат қилади.
Беҳруз Худойбердиев, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА