Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаганлар давлатдан субсидия олади
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва ссудалар ажратиш тартибини белгиловчи янги идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. 2026 йил 7 май куни рўйхатдан ўтган мазкур ҳужжат ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор янги молиявий механизмларни назарда тутади.
Янги тартибга кўра, иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир нечта йўналишда субсидия ажратилади. Жумладан, бандлик бўлими йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларини қоплаш учун ҳар бир ходимга 6 ой давомида ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 4 баравари миқдорида субсидия берилади.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб фуқароларни белгиланган энг кам меъёрдан ортиқ ишга қабул қилган иш берувчилар ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Бундай ҳолларда ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 2 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш учун иш жойларини мослаштирган иш берувчиларга эса ҳар бир мослаштирилган иш ўрни учун БҲМнинг 40 бараваригача субсидия берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчилар ҳам рағбатлантирилади. Агар ушбу шахс 3 ойдан ортиқ муддат давомида меҳнат фаолиятини олиб борса, иш берувчига бир марталик БҲМнинг 3 баравари миқдорида субсидия тўланади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январгача қўшимча субсидиялар ҳам жорий этилади. Хусусан, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро даражада тан олинган касбий таълим сертификатлари ҳамда миллий сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, аммо БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Янги тартибда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида механизм ҳам кўзда тутилган. Унга кўра, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари ва хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун 3 йилгача муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан БҲМнинг 75 бараваригача фоизсиз ссуда ажратилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА