Давлат мукофотлари топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан юртимиз ривожи йўлида меҳнат қилаётган, ёш авлодни Она-Ватанга содиқлик руҳида тарбиялашда сермаҳсул меҳнат қилиб келаётган қатор ватандошларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан мукофотланган ватандошларимизга орден, медаллар топширилди.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар мукофотларнинг топширилиши давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир ифодаси эканлигини алоҳида таъкидлаб, бунинг учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарасини таъминлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган қорақалпоғистонлик бир гуруҳ фаоллар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган эди.

Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири