Мустақиллик ижодкорлар тақдирида
Ҳурматли Президентимиз томонидан кейинги ўн йилда ижод аҳлига яратиб берилган шароит чин маънода истеъдодлар кашф этиш ва юзага чиқариш учун катта имкониятлар эшигини очиб берди. Буни биргина Тошкент вилояти мисолида кўриш мумкин.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 июнь куни ўтказилган маданият, санъат ва адабиёт ходимлари билан соҳаларни янада ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган учрашуви ижод аҳлига ғамхўрликнинг олий намунаси бўлди. Яратилажак шароит ва имкониятлар матбуот саҳифаларида кенг ёритилди. Уни кенг қамров билан шарҳлаш ва чуқур таҳлил этишга ушбу кичик мақолада имкон йўқ, албатта.
Сўнгги беш йилда вилоятимизда ҳам адабиёт муҳити том маънода ўзидан икки бош баландга сакради. Йиллар давомида амалга оширишнинг имкони бўлмаган режалар, орзулар рўёбини кўриш бизга насиб этмоқда. Аввало, ижод аҳлига муносабат ўзгарди – инсон қадри улуғланган мамлакатда шоир ва ёзувчилар энг ҳурматли, иззатли кишилар тоифасига кирди. Улар ҳақиқатан ҳам эркин фуқароларга айланди.
Оддий бир ниҳолга ҳам эътибор бериб, тагини юмшатиб, сувини бериб турсангиз, кўкаради, униб-ўсиб, мева туга бошлайди. Шундай ажойиб шароитлар боис вилоятимизда адабий муҳит жонланди. Бундан ўн йил аввал Уюшманинг вилоят бўлимлари идораси тугул асосий аппарат биносини топиш ҳам анча мушкул эди. Чунки ижарама-ижара юриб, кўчавериб, ижодкорларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилганди. Бугун Нурафшон шаҳридаги Адиблар хиёбони узра ястанган муаззам бино – адабиёт саройини кўриб, юқоридаги гапларга ишониш қийин. Худди доим шундай, адибу шоирларга эътибор ҳамиша баланд бўлгандек туюлар, балки. Аммо нимани унутсак ҳам, ўтган кунларни ёдда сақлаш, ҳамиша тўғри хулоса қилиш, имкониятлар замиридаги эркинликнинг қадрига етмоқ лозим.

Шу ўринда яна бир тарихий ҳодисани айтиб ўтмасак бўлмас. 2022 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг қайта таъмирланган биноси ва ўзига туташ ҳудудда бунёд этилган кутубхонаси очилди.
Ажойиб анжуманда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров иштирок этиб, кўзлари қувончдан порлаб кетгани ҳамон ёдимда. Бир пайтлар на номи, на жойи бўлган вилоят бўлимларининг бу қадар иззатга сазовор бўлишини нуроний ижод аҳли орзу ҳам қилолмаган-да! Уюшманинг вилоят бўлимида шундай бино бўлса-я! Яна муҳташам кутубхонаси билан бирга савлат тўкиб туришини қаранг!
Бундан ташқари, ортда қолган етти-саккиз йил ичида ўндан зиёд таниқли ёзувчи ва шоирларнинг таваллуд саналари кенг нишонланди ҳамда бир неча ўнлаб ижодкорларнинг янги китоблари чоп этилди, жойларда уларнинг тақдимотлари ўтказилди. Биргина мисол, Бўстонлиқ туманида таваллуд топган жадид адабиётининг атоқли намояндаси, шоир, хаттот ва таржимон Сидқий Хондайлиқий таваллудининг 140 йиллигига бағишлаб Хондайлиқ қишлоғида катта адабиёт ва маънавият байрами бўлиб ўтди. Сана муносабати билан Сидқий Хондайлиқий номидаги халқ кутубхонаси барпо этилди, адибнинг янги сайланмаси чоп этилиб, адабиётсеварларга туҳфа этилди. Ваҳоланки, Сидқий бобонинг камтарин китоби анча йиллар аввал чоп этилган, қарийб йўқолиб кетиш арафасида турганди.
Шунингдек, 2021 йилда Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Нурафшон илҳомлар” ва “Бўка жилғалари” алманахлари нашрга тайёрланиб, Уюшма маблағлари ҳисобига чоп этилди. “Нурафшон илҳомлар” тўплами тақдимоти тантанали равишда ўтказилди. Унда вилоят ҳокими иштирок этди. Китобга вилоятимизда туғилиб, ижод қилаётган ёш қаламкашларнинг сара шеърлари, ҳикоялари, бадиий таржима ва бадиий публицистик мақолалари киритилган эди. Ўша куни вилоят раҳбари энг яхши ижодкорларга китобнинг ўзи кам деб, компьютер ва бошқа қимматли эсдалик совғаларини туҳфа қилди. Ҳарқалай, бугуннинг болалари қоғозу қаламни тежайди – янги битикларини тўғридан-тўғри телефон, планшет ёки компьютерга ёзаверади.
Бундан ташқари, болалар шоири Асом Зиёматовнинг “Йиллар инъоми”, Шавкат Туробнинг “Оқ тулпор”, Сойим Исҳоқнинг “Юлдуз кўкда сўнади”, қолаверса, Абдужалол Раҳимнинг “Абу Али Ибн Сино” трилогияси (учта китоб) нашр этилди. Бу китоблар ҳам бевосита Уюшманинг вилоят бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, Уюшма маблағларига босилди.
Энг қувонарлиси, Уюшманинг вилоят бўлими ташаббуси ва маблағлари билан “Биринчи китобим” лойиҳаси йўлга қўйилди. Унинг илк сериясида вилоятлик беш нафар ёшлар – Гулҳаё Уралова (Бекобод тумани)нинг “Руҳафзо”, Ойбек Акбаров (Янгийўл тумани)нинг “Гулдахан”, Шоира Тўлаганова (Оҳангарон тумани)нинг “Йўл бошида”, Бону Саримова (Юқори Чирчиқ)нинг “Бахт бўлсам керак” номли шеърий тўплами ва Отабек Бакиров (Ангрен шаҳри) нинг “Умид” номли публицистик мақолалар тўплами нашр этилди. Ўзимизнинг кутубхонада унутилмас тақдимот ўтказилди. Мазкур тўпламлар муаллифлари республика ёш ижодкорларининг нуфузли Зомин семинарида иштирок этган. Гулҳаё Уралова шу йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди.
Айни пайтда Уюшма аъзолари сафидаги 80 дан зиёд ижодкор Тошкент вилоятида яшаётгани, шу ҳудудда ижод қилаётгани эътиборга моликдир. Яқин ойлар, йилларда уларнинг сафи янада кенгайиши турган гап. Мазкур қалам аҳлининг 40 дан зиёди 2021-2025 йиллар оралиғида Уюшма аъзолигига қабул қилингани бугунги одилона, оқилона сиёсат очган йўл, улкан имкониятнинг бир қисмидир. Хусусан, куни кеча Бекобод туманида бўлиб ўтган Мустақиллик байрами тантаналари баҳонасида маҳаллий ижодкорлардан нақ беш нафари Уюшма аъзолигига қабул қилинди. Бир кунда бир вилоятдан беш нафар аъзо! Бунақаси қачон бўлган?!
Вилоятлик ижодкорларнинг ўтган давр мобайнида 100 дан зиёд шеърий, насрий ва бошқа жанрларга оид китоблари, тўпламлари чоп этилди. Сара асарлари қардош ва хорижий тилларга таржима қилиниб, дунёнинг кўплаб адабий нашрларида, электрон тўпламларида чоп этилди. Шунингдек, улар турли танловларда, халқаро анжуманларда фаол. Давлат мукофотлари ва бошқа нуфузли эътирофларга сазовор бўлмоқда.
Уюшманинг вилоят бўлими қошида “Нурли қадам” ижодий тўгараги фаолият юритади. Шунингдек, вилоятимизнинг 7 туман ва шаҳрида (Бекобод, Ўрта Чирчиқ, Нурафшон, Паркент, Пискент, Қуйи Чирчиқ, Ангрен) ҳам адабий тўгаракларимиз ишлаяпти, уларнинг раҳбарларига Уюшманинг вилоят бўлими ҳисобидан маош тайинланган. Яқин йилларда мазкур адабий тўгараклар сонини кўпайтириб, вилоятимиздаги барча туман ва шаҳарларни тўлиқ қамраб олишни режалаштиряпмиз. Бу борада бизга жойлардаги фидойи ёзувчи ва шоирларимиз ҳамда “Ўзбекистон саноат-қурилиш банки” (SQB) нинг маънавий ва моддий кўмагига таянмоқчимиз.
Юқорида айтилганидек, ҳар йили таниқли шоир ва ёзувчиларнинг юбилейлари муносабати билан республика даражасидаги адабий тадбирлар ташкил этилаётгани Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ҳамда адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилади. Биз фақат бу билан чекланмай, кекса ва эҳтиёжманд Уюшма аъзолари ҳолидан хабар олиш, ҳаёт ва ижодга илҳомлантирувчи умидбахш лойиҳалар устида ҳам ишлаяпмиз. Зеро, яхши ижодкор ноёб ҳодиса, уни асраб-авайлаш, ёзиши, қалам тебратишига шароит яратиш лозим.
Дарвоқе, биномизнинг биринчи қаватида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими жойлашган. Икки ижодий жамоа, ижодий ташкилот бир жойда, бақамти-ҳамжиҳатликда фаолият юритаётгани Тошкент вилояти адабий муҳитининг кучи, қудратидан дарак беради. Унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли журналист, моҳир публицист Раҳматилла Шералиев раҳбарлик қилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти биносида “Адабиёт зиёси” адабий-бадиий, рангли газетаси ҳам фаолият юритмоқда. 2019 йилда Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими муассислигида очилган ушбу нашр айни пайтда 12 саҳифада, тўлиқ рангли тасвирда нашр қилиняпти. Ҳозирги адади 6000 дан зиёд. Айтиш керакки, Тошкент вилояти бўлими бошқа вилоят бўлимлари орасида ўз нашрига эга бўлган ягона ҳудудий муассаса ҳисобланади. Таҳририятда 10га яқин ходим иш билан таъминланган.
Юқорида айтганимиздек, айни пайтда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими фаолият юритаётган бинога туташ ҳудудда ҳокимимиз Зойир Мирзаев ташаббуси билан қад ростлаган замонавий кутубхонада 4000 га яқин китоблар, бадиий адабиётлар, ўқув қўлланмалари бор. Кутубхонага бир нафар кутубхоначи ишга олинган ва айни кунларда кутубхона етти ёшдан етмиш ёшгача ўқувчиларига эга. Яна бир яхши томони, ушбу кутубхона Уюшманинг ва вилоятнинг кўплаб маънавий-маърифий тадбирларига ошён бўлмоқда.
Жонажон Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги 1 сентябрь келмасиданоқ жойларда бошланиб кетган айни шукуҳли кунларда эришилган ютуқларга бир қур назар солиш бошқача барибир. Бу ижод аҳлини яшашга, яратишга даъват этади. Аслида булар ўтган давр мобайнида қилинган ишларнинг бир қисми. Ёзсак, уларнинг ўзи бир каттагина китобга жойлашади. Бироқ мақсадимиз – ютуқларни бирма-бир санаш эмас. Балки Мустақиллик неъматининг ижод аҳли, хусусан, Тошкент вилоятлик ижодкорлар тақдирига қай тарзда таъсир этганини очиқлаш эди. Истагимиз – истиқлол туфайли юзлаб истеъдодлар юзага чиққани, минг-минглаб китоблар чоп этилиб, мухлислар қўлига етиб бораётгани, хуллас, ижодкорларга давлат миқёсида улкан эътибор ва рағбат кўрсатилаётганини эътироф этишдир.
Аммо истеъдодли ёшларни кашф этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳнамолигида Тошкент вилояти ижодий бирлашмасининг 2026-2027 йилларга мўлжалланган бир қатор иш режалари тузилган.
Жумладан, истеъдодли ёшларни кашф этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари янада жадаллашади. Хусусан, “Янги овозлар” вилоят адабий лабораторияси ташкил этилиб, ёш ижодкорлар учун “Нурафшон” телевидениесида “Ёлқин” телетанлови йўлга қўйилади. Бу танловлар шартлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Шунингдек, ‘‘Биринчи китобим’’ ижодий лойиҳаси давом эттирилиб, вилоятимиздаги бошловчи қаламкашларнинг энг сара шеърлари жамланиб, илк тўпламлари чоп этилади. “Янги драматурглар” лойиҳаси, туман ва шаҳарларда китоб фестивалларини ўтказиш каби янги-янги режаларимиз борки, албатта, улар вилоятимиз таниқли ижодкорлари ва ёшларисиз, Тошкент вилояти ҳокимлиги раҳнамолигисиз ўтмайди.
Инчунин, бундан буёғига фаол бўлиш, кўнгилда борини тафаккур қаламида поклик дафтарига ёзиш керак. Шунда ўзбек миллий адабиёти янада юксалади ва бошқа айрим етакчи соҳалар қатори дунёни забт этади.
Маҳмуд Тоир,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
Кенгаши депутати, сенатор,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Тошкент вилояти бўлими раҳбари,
ЎзА