Ўзбекистон ОТМларида 50 дан ортиқ давлатдан келган талабалар таҳсил олмоқда
Ўзбекистон олий таълим тизими нафақат маҳаллий ёшлар, балки дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган талабалар учун ҳам жозибали таълим майдонига айланиб бормоқда.
Хорижлик талабалар сонининг ортиши мамлакат олий таълимининг халқаро майдондаги жозибадорлиги ва таълим хизматларига бўлган қизиқиш ошиб бораётганидан дарак.
Ҳозирда Ўзбекистон олий таълим ташкилотларида 50 дан ортиқ давлатдан 24 минг 647 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда.
Уларнинг энг катта қисмини Ҳиндистон фуқаролари ташкил этади - 13 минг 60 нафар. Кейинги ўринларда Туркманистон — 4 884 нафар, Покистон — 1 165 нафар ва Қозоғистон — 1 129 нафар билан қайд этилган.
Қайд этилишича, хорижликларнинг қарийб 67 фоизи тиббиётни танлаган. Ушбу соҳада 16 минг 476 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Бу умумий хорижий талабалар контингентининг қарийб 67 фоизи демак.
Бу рақамлар Ўзбекистонда тиббий таълимга хориждан бўлган талаб юқори эканини кўрсатади. Айниқса, тиббиёт олий таълим муассасалари хорижлик ёшлар учун асосий таълим йўналишларидан бирига айланган.
Умуман, хорижлик талабалар географиясининг кенгайиб бораётгани Ўзбекистон олий таълими халқаро таълим маконида ўз ўрнини мустаҳкамлаётганидан далолат беради. Бугун мамлакат олийгоҳларида турли давлатлардан келган ёшлар бир аудиторияда таълим олиб, нафақат билим, балки турли маданият ва тажрибалар билан ҳам алмашмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА