28 сентябрь – Халқаро қутуриш касаллигига қарши курашиш куни
Ушбу сана тарихда илк бор қутуришга қарши самарали вакцина яратган франциялик буюк олим Луи Пастер хотирасига бағишланган
Орадан асрлар ўтган бўлса-да, асаб тизимини кучли зарарлаб, фалажлик келтириб чиқарувчи ва оқибатда ўлим билан тугайдиган бу ўта хавфли юқумли касаллик ҳамон инсоният учун жиддий таҳдидлигича қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили қарийб 60 мингга яқин киши қутуришдан вафот этади ва бу фожиаларнинг 99 фоизига бевосита итлар сабабчи бўлмоқда.
Статистик рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, одамлар учун қутуриш инфекцияси манбаи 95-97 фоиз ҳолатларда итлар, қолган 3-5 фоиз қисми эса мушуклар ва бошқа ҳайвонлар ҳиссасига тўғри келиши аниқланган. Касаллик асосан ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши ёки сўлаги тегиши орқали ўтади. Энг муҳими, у одамдан одамга юқмайди, бироқ ҳайвонлар орасидаги назоратсизлик оқибатида минглаб фуқаролар жабр кўрмоқда.
Афсуски, мамлакатимизда ҳам кўплаб фуқаролар уй ҳайвонларини сақлаш қоидаларига риоя қилмаслиги, шароит бўлмай қолганда эса уларни кўчага ҳайдаб юбориши ёки ташлаб кетиши оқибатида қаровсиз дайди итлар сони кўп. Ҳайвон тишлашидан жабрланган фуқароларни эмлаш учун эса давлат бюджетидан миллиардлаб маблағлар сарфланаётир.
– Юртимизда ушбу касаллик асосан ҳайвонлар ўртасида мунтазам равишда қайд этиб борилади. Бу жараён ветеринария хизмати ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан қатъий назоратга олинган, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Эпидемиология ва юқумли касалликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қурбонбеков. – Одамлар орасида қутуриш ҳолатлари жуда камдан-кам учрайди, бу ҳақдаги маълумотлар давлат органларининг расмий ҳисоботларида акс эттирилади. Вируснинг асосий ташувчилари сифатида итлар, шунингдек, ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, чиябўри, енот ва кўршапалаклар чиқиши исботланган. Муҳим жиҳати, вирус фақат сутхўрларни зарарлайди, қушлар, судралиб юрувчилар, балиқлар ва ҳашаротлар ушбу касаллик билан оғримайди. Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига чалинганини уларнинг хатти-ҳаракатидан билиш мумкин. Касал ҳайвонда агрессивлик ёки аксинча, ғайритабиий меҳрибонлик пайдо бўлади, улар безовта бўлиб, мақсадсиз югуради, қўрқув ҳиссини йўқотади. Шунингдек, кўп сўлак оқиши, оғиздан кўпик чиқиши, хирилдоқ овоз чиқариш, сув ва овқатдан бош тортиш ҳамда орқа оёқлар фалажланиши кузатилади. Бундай ҳайвонларга ҳеч қачон яқинлашмаслик, уларни овқатлантиришга ёки тегишга уринмаслик лозим. Кескин ҳаракатлар қилмай, узоқлашиш ва зудлик билан ҳайвон овлаш хизматига хабар бериш зарур.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, Жанубий Америкада Чили давлати итлар орқали юқадиган қутуриш касалидан тўлиқ холи бўлган минтақа сифатида эътироф этилиб, бундай натижага қатъий давлат сиёсати, ҳайвонларни оммавий эмлаш ва маҳаллий аҳолини хабардор қилиш орқали эришилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва қатор халқаро ташкилотлар ташаббуси билан Африка, Осиё ва бошқа минтақаларда ҳайвонларни оммавий эмлаш, ҳудудлардаги популяцияни назорат қилиш ҳамда болалар ва маҳалла аҳолиси ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали касаллик ўчоқларини кескин камайтиришга эришилмоқда. Масалан, айрим жойларда атиги бир неча кун давомида минглаб итлар қамраб олиниб, иммунитет ҳосил қилингани ва бу орқали инсонлар ўлимининг олди олингани илмий жиҳатдан исботланган. Қизиқарли ва фойдали илмий фактлардан яна бири – жароҳат олган заҳоти (тишланганда) терини хўжалик совуни ва илиқ сув билан камида 15 дақиқа давомида яхшилаб ювишнинг ўзиёқ совун таркибидаги ишқор ҳисобига қутуриш вирусини парчалаб юбориб, инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим бошланғич қадам ҳисобланади. Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эскирган нерв тўқимаси асосидаги вакциналардан воз кечиб, замонавий, хавфсиз ва юқори самарали вакциналарни қўллашни тавсия этган.
– Касалликнинг дастлабки белгилари сифатида яра битган бўлса-да, ўша жойда оғриқ, қичишиш ёки ачишиш пайдо бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, уйқусизлик, хавотир ва товуш ҳамда ёруғликка сезувчанликнинг ортишини кўрсатиш мумкин. Ушбу аломатлар намоён бўлдими, демак, жараён орқага қайтмайди ва беморни қутқаришнинг имкони қолмайди, – дейди Фарҳод Қурбонбеков. – Шу сабабли, ҳайвон тишлаганда ёки тирнаганда зудлик билан, биринчи 15 дақиқа ичида жароҳатни совунли сув билан яхшилаб ювиш, антисептик (йод, хлоргексидин, пероксид) билан ишлов бериш ва биринчи икки соатдан кечиктирмай шифокорга мурожаат қилиш зарур. Қутуришга қарши вакцинани дастлабки 24 соат ичида олиш унинг самарадорлигини таъминлайди. Вакцина травматология пунктлари ёки поликлиникаларда махсус схема асосида бир неча бор қилинади. Ҳайвон тишлаши қутуришдан ташқари қоқшол хавфини ҳам туғдиргани боис, одатда ҳар икки касалликка қарши эмлаш амалга оширилади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, вакцина олингандан сўнг енгил оғриқ, қизариш ёки бироз иситма бўлиши табиий реакция ҳисобланади. Эмлашга фақат оғир аллергик ҳолатлардагина монелик бўлиши мумкин, қолган вазиятларда, жумладан, сурункали хасталиклар, ҳомиладорлик ёки енгил шамоллашда ҳам шифокор назорати остида эмлаш ўтказилади, чунки қутуришда тирик қолишнинг бошқа чораси йўқ.
Ҳудудларда дайди ҳайвонларнинг кўпайишига йўл қўймаслик, ит ва мушукларни ўз вақтида ветеринария идораларида ҳисобга олиб, қутуришга қарши эмлатиш, ҳайвонларга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлиш ҳамда кутилмаганда кўнгилсиз ҳолат юз берса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш орқали одамларни ушбу даҳшатли ва бедаво касалликдан асраш мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА