2026 йилда 18 та чиқинди полигони тугатилади
Рақамлар бир қарашда оддий туюлиши мумкин. Аммо бу рақам ортида ўнлаб гектар ер майдонининг қайта тикланиши, чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ва аҳоли яшаш ҳудудларини экологик жиҳатдан янада обод қилишга қаратилган катта жараён турибди.
Мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш тизими босқичма-босқич ўзгармоқда. Энди асосий вазифа фақат чиқиндини йиғиш ва полигонга олиб бориш эмас, балки полигонлар сонини камайтириш, фойдаланишдан чиқарилган ҳудудларни қайта тиклаш ва чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмасини кенгайтиришдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 февралдаги тегишли Фармонида ҳам 2030 йилгача маиший чиқинди полигонлари сонини камида 50 фоизга қисқартириш вазифаси белгиланган. Жумладан, 2026 йилда бу кўрсаткични 27 фоизга етказиш назарда тутилган.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм ҳудудларидаги 18 та чиқинди полигонида рекултивация ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида Хўжайли туманидаги “Жана жап” ОФЙ ҳудудида 5,27 гектар ва Беруний туманидаги “Палваш” МФЙ ҳудудида 9,90 гектар, Андижон вилоятида Жалолқудуқ туманидаги “Достонобод” МФЙда 1,50 гектар ва Қўрғонтепа туманидаги “Жаннатмакон” МФЙда 2 гектар, Бухоро вилояти Олот туманидаги “Арабхона” МФЙда 3 гектар, Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги “Мирзадала” МФЙда 9,14 гектар, Қашқадарё вилоятида Қарши туманидаги “Чароғил” МФЙда 5 гектар, Яккабоғ туманидаги “Наврўз” МФЙда 5 гектар ва Касби туманидаги “Қоратепа” МФЙда 2,5 гектар, Навоий вилояти Кармана туманидаги “Янгиариқ” МФЙда 7 гектар, Самарқанд вилоятида Пахтачи туманидаги “Чашма” МФЙда 5 гектар, Каттақўрғон туманидаги “Болтабек” МФЙда 4,35 гектар ва Пайариқ туманидаги “Дўстлик” МФЙда 7 гектар, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги “Гиламбоб” МФЙда 2 гектар, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги “Султонобод” МФЙда 4,49 гектар, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Маслаҳат” МФЙда 1,60 гектар ҳамда Хоразм вилоятида Янгиариқ туманидаги “Қоракўз” МФЙда 2 гектар ва Гурлан туманидаги “Чинобод” МФЙда 3,60 гектар майдондаги чиқинди полигонларини рекултивация қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2027 йилда 11 та полигонда 43,49 гектар, 2028 йилда 9 та полигонда 79,74 гектар ҳамда 2029 йилда 8 та полигонда 25,12 гектар майдонни рекултивация қилиш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугун республика бўйича 200 та қаттиқ маиший чиқинди полигони мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 1,649 минг гектарни ташкил этади. 2024–2025-йилларда 50 та полигонда жами 255,34 гектар майдон рекултивация қилиниб, тупроқ қатлами билан ёпилган. 2026 йилда эса Наманган вилоятининг Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги жами 4 та, умумий майдони 6,61 гектар бўлган чиқинди полигонида рекултивация ишлари тўлиқ якунланиб, уларнинг фаолияти тўхтатилди.
Бундан ташқари чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида жорий йилда республика ҳудудларида 29 та янги чиқиндиларни қайта юклаш станциясини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу станциялар ишга туширилиши натижасида умумий майдони 80,35 гектар бўлган яна 18 та чиқинди полигони фаолиятини тугатиш кўзда тутилган.
Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар чиқинди полигонлари сонини босқичма-босқич қисқартириш, фойдаланилмаётган ерларни қайта тиклаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ҳамда чиқиндиларни бошқариш тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА