Халқаро форум доирасида муҳим келишувларга эришилди
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) – Хитой ҳудудлараро савдо-иқтисодий форуми ўтказилди.
Унда тадбиркорлар, Хитой давлатидан келган инвесторлар иштирок этди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни форум очилиши муносабати билан табриклади.

Таъкидлаш лозимки, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Мазкур форум ҳам ана шу йўналишдаги чора-тадбирлардан бири бўлиб, унда 400 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди.

Анжуманда Қорақалпоғистоннинг мавжуд салоҳияти, ҳудуд учун алоҳида берилган имтиёзлар, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун сабаб бўла оладиган афзаллик жиҳатлари қайд этилди.
Форум доирасида тоғ-кон саноати, геология, IТ, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишлар бўйича 31 та инвестиция лойиҳаси доирасида 410 миллион долларлик келишув имзоланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири