Зиёлилардан янгича ташаббус ва таклифлар (+Видео)
Хабар берганимиздек, кеча 23 ноябрь куни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши” йиғилишининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбир бугун ҳам давом этмоқда.
Ушбу тадбирнинг муҳим жиҳати шундаки, мамлакат келажагига доир фикр ва таклифларни фақат марказда эмас, балки ҳудудларда, ҳаётнинг ичида, одамларнинг муаммо ва эҳтиёжларини чуқур биладиган зиёлилар иштирокида муҳокама қилишдан иборат.
Шу боис Кенгаш йиғилишига тайёргарлик доирасида жорий йилнинг 10–14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий мулоқотлар ташкил этилди.
Мулоқотлар давомида келиб тушган фикр-мулоҳазалар, таклифлар, миллий тараққиётимизнинг маънавий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий асосларига оид долзарб масалалар Кенгашнинг бугунги ялпи мажлисида муҳокама майдонида бўлди.
Якунда илгари сурилган таклифларни умумлаштириш ва уларни амалга ошириш бўйича тегишли вазифаларни белгилаш кўзда тутилган.
Н. Раҳмонова,
О, Давронов (видео),
И. Исматов (монтаж), ЎзА