Янги Ўзбекистон зиёлилари ягона мулоқот майдонида бирлашди
«Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи». Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ана шу шиор остида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган Ўзбекистон зиёлилари кенгаши йиғилишининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб «Янги Ўзбекистон» боғида, шунингдек, Янги Тошкентда қад ростлаган Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги мажмуасида бўлишди.
Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур кенгаш мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, тиббиёт ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган зиёлиларнинг интеллектуал салоҳияти, бой тажрибаси ва ташаббусларини умуммиллий тараққиёт мақсадларига йўналтириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, миллий юксалишни ҳеч ким тайёр ҳолда тақдим этмайди. У халқимизнинг ўз меҳнати, ақл-заковати ва ҳамжиҳатлиги билан барпо этилади. Бу йўлда зиёлиларнинг ўз билим ва тажрибаси, куч-ғайрати ҳамда интеллектуал салоҳиятини сафарбар этиши муҳим аҳамият касб этади.
Кенгашнинг ялпи мажлиси ва еттита шўъбасида миллий тараққиётимизнинг ғоявий, маънавий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий асосларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, «Ўз» фалсафасининг замонавий талқини, инсон қадри ва фуқаролик ўзлиги, ватанпарварлик, миллатлараро тотувлик, ўзбек тили ва адабиёти, рақамли тараққиёт ва медиамакон, миллий тарбия ва тарихий хотира, маданият ва креатив иқтисодиёт, илм-фан ва таълим, инновацион тиббиёт, яшил тараққиёт ҳамда тадбиркорлик каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан зиёлилар, олимлар ва ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини давлат ва жамият бошқарувида инобатга олиш масалаларига доимо алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
[gallery-32674]
Президентимиз таъбири билан айтганда, «Зиёлиларимиз, олимларимиз, ижодкорларимиз — жамиятимизнинг олтин фонди, халқимизнинг маънавий устунидир. Уларнинг фикри, таклиф ва ташаббуслари биз учун доимо муҳим ва қадрли».
Ушбу кенгаш йиғилишига тайёргарлик доирасида шу йилнинг 10–14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий мулоқотлар ташкил этилди. Уларда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, тиббиёт, инновация ва жамоатчилик соҳалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур мулоқотларга икки минг нафардан ортиқ зиёли жалб қилиниб, улар томонидан уч мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва мингга яқин таклиф билдирилди. Бу эса жамиятимиздаги интеллектуал салоҳият, ижодий тафаккур ва янгиланишга бўлган интилишнинг яққол ифодасидир.
– Қудратли давлат барпо этган Амир Темур дунёни лол қолдирган салтанатида ҳамиша оқил кишилар билан маслаҳатлашишга одатланган, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли олим Шавкат Аюпов. – Бугунги учрашувимизнинг моҳияти ҳам ана шу кўп асрлик қадрият ва анъаналарнинг Янги Ўзбекистонда қайта татбиқ этилишидир. Анжуман учун муҳташам Ислом цивилизацияси маркази танлангани ҳам бежиз эмас. Бу маскан Хоразмий ва Беруний, Ибн Сино ва Форобий, Имом Бухорий ва Термизий каби улуғ алломаларимизнинг жаҳон илм-фанига қўшган беқиёс ҳиссаси тимсолидир. Ушбу табаррук масканда муҳокамалар ўтказамиз. Якунда ҳар бир йўналишда ишлаб чиқилган аниқ тавсияларни умумлаштириб, тақдим этамиз.
Йиғилишнинг дастлабки қисмида, шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов, Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Рустам Холмуродов, профессор Нурислом Тўхлиев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, хаттот Ҳабибулло Солиҳ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Сайёра Самандар, ижтимоий тармоқларда миллий медиаконтентлар яратувчи Нодирбек Нишонов, актёр Эркин Бозоров, шоира Меҳриноз Аббосова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори Алмагул Байриева сўзга чиқди.
[gallery-32675]
Улар мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнида зиёлилар ҳам ўзларининг ўткир ва таъсирчан сўзи, ибратли фаолияти ҳамда эзгу ташаббуслари билан фаол иштирок этишлари зарурлигини таъкидладилар.
Йиғилиш давомида ҳудудий мулоқотларда билдирилган таклиф ва ташаббуслар, миллий тараққиётнинг устувор вазифалари юзасидан фикр алмашиш давом этди. Икки кунлик йиғилиш якунида илгари сурилган таклифларни умумлаштириш ҳамда уларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаш кўзда тутилган.
Зеро, миллий юксалишнинг мустаҳкам пойдевори билимли, ташаббускор, мустақил фикрлайдиган ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган зиёлилардир. Бу каби мулоқтлар ана шу салоҳиятни ягона мақсад йўлида бирлаштириш, зиёлилар сўзини жамият ва давлат ҳаётида янада таъсирчан кучга айлантиришга хизмат қилиши аниқ.
Назокат УСМОНОВА,
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат), ЎзА