«Ёрилтош» — шоира ижодининг янги бадиий қирралари
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи — жонфидо, юрт хизмати йўлидаги заҳматли меҳнатдан чўчимайдиган, ижод ва маърифатни ҳаётининг муҳим мезонига айлантирган фидойи ижодкор. Унинг адабиётга садоқати, сўзга масъулияти ва жамоатчилик фаолияти йиллар давомида шаклланган ижодий қиёфасида яққол намоён бўлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоира ва публицист Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг «Ёрилтош» номли янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Адабиёт ихлосмандлари, таниқли ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, зиёлилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган адабий тадбир шоиранинг серқирра ижоди, миллий адабиётимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси, шеъриятига хос бадиий тафаккури ва ижодий изланишларига бағишланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар шоиранинг адабий майдондаги ўзига хос ўрни, ижодий изланишлари, шеърларида акс этган ҳаётий кечинмалар, инсон ва замон муносабатлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янги китобнинг мазмун-моҳияти, бадиий қиммати ва унда илгари сурилган ғоялар хусусидаги таҳлиллар тақдимотга алоҳида мазмун бағишлади.
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси. Унинг ижодий ва жамоатчилик фаолияти адабиёт, маънавият, маърифат ҳамда миллий қадриятлар тарғиботи билан чамбарчас боғлиқ. Шоира Халқ таълими аълочиси, Республика «Маърифат» тарғиботчилари жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги «Аёл маърифати» илмий-жамоатчилик кенгаши аъзоси.
Унинг кўп йиллик меҳнати ва жамоатчилик фаолияти муносиб эътироф этиб келинмоқда. Жумладан, 2025 йилда «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишони, Қирғизистон Республикасининг «Чингиз Айтматов» номидаги мукофоти, 2026 йилда эса жамият ва оила равнақи, маънавият ва миллий қадриятлар тарғиботига қўшган муносиб ҳиссаси учун «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофоти — «Шуҳрат» медали соҳиби.
[gallery-32698]
Шоиранинг адабий мероси ҳам салмоқли. Бугунга қадар унинг йигирмага яқин шеърий китоби ва тўпламлари нашр этилган. «Бургут чўққиларга қўнади», «Сокин дарё шиддати», «Тугалланмаган парвоз» каби хотира-эссе китоблари эса ижодкорнинг бадиий публицистикадаги маҳоратини ҳам намоён этади. Ушбу асарларда отага фарзандлик эҳтироми, устозга садоқат, ҳарбийлар ва учувчилар ҳаёти, инсон тақдири, хотира ва қадриятлар мавзуси самимий ва таъсирчан ифодаланган.
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг ижоди мамлакатимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчиларини топмоқда. Унинг шеърлари рус, қозоқ, қирғиз, инглиз, тожик, озарбайжон ва турк тилларига таржима қилиниб, хорижий журнал ва адабий тўпламларда эълон қилинган. Жорий йилда ҳам шоиранинг ўнлаб шеърлари қирғиз, озарбайжон ва турк тилларига ўгирилиб, турли адабий нашрлардан ўрин олди.
Айниқса, «Сени севаман, ҳаёт» номли шеърий тўпламининг Озарбайжонда икки тилда нашр этилиши ва Боку шаҳрида тақдимотининг ўтказилиши шоира ижодининг халқаро миқёсдаги эътирофидан далолат беради. 2024 йилда Қозоғистонда ўзбек ва қозоқ тилларида чоп этилган «Муножот» шеърий китоби ҳам адабий жамоатчилик эътиборини қозонган. Ушбу китоб тақдимоти Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган эди.
Шоира ижодининг халқаро миқёсда тан олинаётганини унинг турли адабий антологиялардан жой олаётгани ҳам тасдиқлайди. Жумладан, ижод намуналари Америкада нашр этилган «1001» тўпламига киритилган. Шунингдек, шоиранинг 60 та шеъри ўзбек, рус ва инглиз тилларида «UZBEK CARAVAN» номли ўзбек шеърияти антологиясидан ўрин олган.
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг ижодий фаолияти унинг шахсий асарлари билангина чекланмайди. Унинг қизи Гулчеҳра Шаҳобиддиннинг «Қақнус қўшиғи» номли шеърий тўплами, шунингдек, шоиранинг ижоди ва шахсияти ҳақида устозлари, дўстлари, шоирлар ҳамда адабиётшунос олимларнинг фикрлари жамланган «Субҳидам ёғдуси» мақолалар тўплами ҳам нашр этилган. «Ажр» номли шеърий китоби 2024 йилда чоп этилиб, 2026 йилда қайта нашр қилинди.
«Ёрилтош» китобининг тақдимоти шоиранинг навбатдаги ижодий изланишлари, адабиётга садоқати ва сўз санъатига бўлган юксак масъулиятининг ифодаси бўлди. Китобнинг рамзий номиёқ ўқувчини чуқур мушоҳадага, ҳаёт ва инсон ҳақидаги ўйларга, бадиий тафаккур оламига чорлайди. Тақдимот давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, самимий суҳбатлар ва адабий таҳлиллар эса янги асарнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ англаш, унинг адабий қимматини баҳолашда муҳим аҳамият касб этди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари