Маҳаллада кутубхона ташкил этилди
Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахоновнинг ташаббуси билан туман марказидаги Янги ҳаёт маҳалласида замонавий, мўъжаз кутубхона барпо этилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Шаҳрихон туманида ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик, китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Янги ҳаёт маҳалласи гузарида янги кутубхонанинг ташкил этилиши ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
– Китоб инсонни улуғлайди, китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, – дейди Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Марибжон Ғозиев. – Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг фаол аъзосига айланади. Шу маънода маҳаллада ташкил этилган мўъжаз кутубхона ҳам юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, китоб ўқишга қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.


Кутубхонадан 500 нусхадан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, болаларга мўлжалланган бадиий адабиётлар ўрин олган. Шунингдек, кутубхонага ҳомийлар, зиёлилар томонидан янги-янги китоблар тақдим этилмоқда.
Туман ҳокимининг хайрли ташаббуси билан ташкил этилган ушбу кутубхона маҳалла аҳли, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказадиган гавжум масканга айланади.


Таъкидлаш жоизки, ҳозирда туманнинг Бувайда, Қўрғонча, Қумтепа, Абдусамад ва Бешмаҳалла маҳаллаларида ана шундай кутубхоналар ишлаб фаолият юритмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.