Зиёлилар сўзи — ташаббус ва натижага айланади
Жамиятни юксалтириш учун фақат иқтисодий ислоҳотлар эмас, балки юксак тафаккур, мустаҳкам маънавият ва фаол фуқаролик позицияси ҳам зарур. Бу жараёнда зиёлиларнинг сўзи, ташаббуси ва амалий иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сирдарё вилоятида ўтказилаётган Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишида ҳам айнан шу масалалар кун тартибидан ўрин олди.
Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ўтказилаётган анжуманга республика вакиллари, таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари, соҳа мутахассислари ҳамда Сирдарё вилоятининг фаол зиёлилари жам бўлди. Унда ҳудуднинг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, жамиятни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш ва зиёлилар ташаббусларини амалий натижаларга йўналтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб ижод мактаби ҳовлисидаги Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, шоира хотирасига ҳурмат бажо келтиришди. Сўнг унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган музей экспозициялари билан танишди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Ижод мактаби ўқувчиларининг Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб, Ватанни улуғловчи шеърни ифодали ўқиши тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади.
Йиғилишни Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов олиб борди. Вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев анжуманни очар экан, Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг кенгаш иштирокчилари, яъни зиёлиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Унда кейинги йилларда мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият ва маънавиятни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани, зиёлиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Табрикда мамлакатни тараққий эттириш, жамиятни янгилаш ва халқнинг келажакка ишончини мустаҳкамлаш учун, аввало, билимли, маърифатли, фидойи ва ватанпарвар инсонларга таяниш зарурлиги таъкидланди. Зеро, китобхонлик маданиятини юксалтириш, таълим ва илм-фанни қўллаб-қувватлаш орқали фикрлайдиган, изланадиган ва янгиликка интиладиган жамиятни шакллантириш мумкин.
Ҳақиқий зиёлилик фақат диплом, илмий унвон ёки лавозим билан белгиланмайди. У инсоннинг билими, одоби, виждони, масъулияти ва шахсий намунасида намоён бўлади. Ўқитувчи ёшларга нафақат билим, балки эзгулик сабоғини ҳам беради. Олим жамият муаммоларига илмий ечим излайди. Шифокор инсон ҳаёти ва қадрини асрашга хизмат қилади. Ижодкор халқнинг орзу-умидлари ва дардини ифода этади. Маданият ва санъат вакиллари эса миллий қадриятларни асраб, келажак авлодга етказади.
Шу маънода, зиёлиларнинг ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат, илмга интилиш ва юксак масъулият руҳида тарбиялашдаги ўрни беқиёс экани алоҳида эътироф этилди.
Кенгашнинг асосий вазифаси ҳам турли соҳалардаги билим ва тажрибани бирлаштириш, жамиятни ўйлантираётган масалаларни очиқ муҳокама қилиш, амалий таклифларни саралаш ва уларни умуммиллий даражага олиб чиқишдан иборат. Бинобарин, кенгаш расмий йиғилишлар доирасида қолиб кетмасдан, халқ орасида ҳурмат қозонган, мустақил фикрлайдиган ва Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган инсонларни бирлаштирувчи жамоатчилик майдонига айланиши лозим.
Шундан сўнг Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган видеороликлар намойиш этилди. Хусусан, «Ўзбек келаётир» видеоролиги иштирокчиларда миллий ғурур ва дахлдорлик туйғуларини уйғотди.
Анжуманда сўзга чиққан Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев, Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев, «Жадид» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ректори Аваз Мансуров, Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроилжон Ваҳобов, Ёшлар парламенти аъзоси Нилуфар Эргашева, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, «Янги Сирдарё — Новая Сырдарья» газетаси муҳаррири Баҳром Боймуродов ҳамда «Гулистон ҳаёти» газетаси бош муҳаррири Баҳринисо Норжигитовлар ўз чиқишларида зиёлиларнинг жамият олдидаги масъулияти, маънавий муҳитни соғломлаштириш ва миллий юксалишга дахлдор долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Кенгаш фаолиятининг муҳим жиҳати шундаки, турли соҳа вакиллари шуъбаларга бўлинган ҳолда масалаларни илмий, ижтимоий, маданий ва амалий тажриба асосида муҳокама қилиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу жараён муайян соҳага тааллуқлидек кўринган муаммоларнинг аслида жамият ҳаёти билан чамбарчас боғлиқлигини англаш, уларга кенг қамровли ва самарали ечимларни топишга хизмат қилади.
[gallery-32456]
— Қайси алломамизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганмайлик, қайси буюк аждодимиз меросига мурожаат қилмайлик, уларнинг барчаси замирида бир ҳақиқат мужассам: юксалишнинг асоси — илм-маърифат. Шу боис зиёлиларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ва фидойилигини янада ошириш вақти келди.
Мамлакатимизда иқтисодиёт, таълим ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Энди ушбу жараёнларда зиёлиларнинг фаол иштироки, ташаббуси ва жамоатчилик олдидаги масъулияти янада муҳим аҳамият касб этади. Ишонаманки, сирдарёлик зиёлилар ҳам бу жараёнга муносиб ҳисса қўшиб, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Айни пайтда шуъба йиғилишларида билдирилаётган таклифларни умумлаштириш ва улар орасидан энг мақбулларини саралаш ишлари давом этмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев.
Кенгаш фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати — муҳокамаларнинг аниқ йўналишлар асосида ташкил этилганидир. Республика босқичида еттита ишчи шўъба фаолият юритиши белгиланган бўлиб, уларда Янги Ўзбекистоннинг устувор қадриятлари, фуқаролик ўзлиги, жамиятдаги ҳамжиҳатлик, оила ва маҳалла, тил ва адабиёт, китобхонлик, тарихий хотира, миллий маданият ҳамда глобал ўзбек дунёси билан боғлиқ масалалар қамраб олинади.
Бу йўналишлар фақат назарий муҳокамалар учун танланган мавзулар эмас. Уларнинг ҳар бири кундалик ҳаётимиз, оилавий муносабатлар, таълим-тарбия ва жамиятдаги маънавий муҳит билан бевосита боғлиқ. Рақамли муҳитнинг ёшлар тафаккури ва тарбиясига таъсири, оила ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ўзбек тилининг таълим ва рақамли макондаги мавқеини ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, тарихий хотирани асраш каби масалалар бутун жамият эътиборини талаб қилади.
Сирдарё вилоятидаги муҳокамалар доирасида тўртта устувор йўналиш бўйича таклифлар илгари сурилгани анжуманнинг амалий мазмунини намоён этмоқда. Улар орасида «Ижтимоий одоб-ахлоқ кодекси», «Қадриятлар лабораторияси», «Ягона Ватан — умумий фуқаролик масъулияти» миллий концепцияси, «Ёшлар — миллат драйвери» миллий дастури, «Реал оила» миллий рақамли платформаси, «Замонамиз қаҳрамонлари» миллий эътироф тизими ҳамда «Ўзбек тили — таълим, иш ва рақамли муҳит тили» давлат дастури каби ташаббуслар бор.
Ушбу таклифларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилса, уларнинг барчасида умумий мақсад — миллий қадриятларни замонавий тараққиёт талаблари билан уйғунлаштириш, жамиятдаги долзарб муаммоларга янги ёндашувлар асосида ечим топиш, инсон капитали ва маънавий салоҳиятни юксалтириш ғояси мужассам.
— Анжуманнинг Сирдарё вилояти учун аҳамияти шундаки, у ҳудудда тўпланган илмий, ижодий ва касбий салоҳиятни бир мақсад йўлида бирлаштириш имконини бермоқда. Зеро, вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти, таълим сифати, тиббий хизматлар самарадорлиги, ёшлар тарбияси ва маданий ҳаётни ривожлантиришда зиёлиларнинг иштироки муҳим ўрин тутади, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов.
Сирдарёда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мактаб ва мактабгача таълим тизими педагоглари, тиббиёт ходимлари, адабиёт ва санъат намояндалари, журналистлар ҳамда маҳалла фаоллари ўз билим ва тажрибаси билан ҳудуд ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Уларнинг мавжуд муаммоларга муносабати, таклиф ва ташаббуслари маҳаллий даражадаги масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни замонавий касблар ва илм-фанга йўналтириш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, таълим муассасаларида маънавий муҳитни мустаҳкамлаш каби масалаларда зиёлиларнинг фаол иштироки зарур. Шунингдек, илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш ва амалиётга жорий этиш, маҳаллаларда маърифий муҳитни яхшилаш, оилавий муносабатлар маданиятини юксалтириш, тиббиётда профилактика ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ҳудуднинг тарихий-маданий меросини асраш ва оммалаштириш каби йўналишларда ҳам уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мумкин.
Бу борада кенгаш фаолиятини муайян натижалар билан боғлаш муҳим. Яъни билдирилган ҳар бир асосли таклиф бўйича масъул ижрочини, амалга ошириш механизмларини ва кутилаётган натижаларни белгилаш, ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятини оширади. Шунда зиёлилар фаолияти фақат ўз касбий вазифалари билан чекланмай, ҳудуд ҳаётидаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган жамоатчилик ҳаракатига айланади.
Дарҳақиқат, иқтисодий ислоҳотлар тараққиёт учун моддий замин яратса, илм-фан, таълим, маърифат ва юксак маънавият унинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиради. Зиёлиларнинг вазифаси эса ўз касби доирасида муваффақият қозониш билангина чекланмайди. Уларнинг жамиятдаги ўзгаришларга дахлдор бўлиши, муаммоларга бефарқ қарамаслиги ва амалий ечимлар таклиф этиши ҳам муҳим.
Сирдарёда бошланган анжуман айнан шу мақсад йўлидаги мулоқот майдони бўлмоқда. Унда билдирилаётган фикрлар, илгари сурилаётган ташаббуслар ва шуъбалардаги муҳокамаларнинг амалий натижага айланиши зиёлиларнинг фаоллиги, ҳамкорлиги ва масъулиятига боғлиқ.
— Энг муҳими, зиёлиларнинг сўзи минбарда қолиб кетмаслиги, таклифлари қоғозда акс этиш билангина чекланмаслиги керак. Ҳар бир асосли ташаббус аниқ ижрочи, амалий механизм ва натижа билан боғлансагина кутилган самарани беради, — дейди профессор Равшанбек Маҳмудов.
Сирдарёдаги ҳудудий йиғилишлар 12 ноябрь куни ҳам давом этади. Унда шуъбаларда билдирилган фикр ва таклифларни умумлаштириш, энг долзарб ташаббусларни саралаш ҳамда республика миқёсида илгари суришга қаратилган ишлар амалга оширилади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА