Бизнес-омбудсман: ишбилармонлар фаолиятидаги тўсиқлар бартараф этилмоқда
Мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг эркин фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, жойлардаги тизимли муаммолар ва бюрократик тўсиқларни бевосита ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай очиқ мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсман Абдуманноп Буриев томонидан тадбиркорлар учун навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.

Учрашувда ишбилармонларни қийнаб келаётган долзарб масалалар, суд-ҳуқуқ, мулкчилик ҳамда рухсатномалар бериш жараёнидаги тўсиқлар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, бизнес вакиллари томонидан суд қарорига нисбатан тафтиш тартибида протест киритишда кўмаклашиш, жиноят иши доирасида ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш ҳамда қурилиш инспекцияси томонидан зарар миқдори ошириб юборилганига оид мурожаатлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, мулкнинг бошқа зонага киритилгани, давлат объектлари ва биноларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи таъминланмаётгани, экологик хулоса олиш ҳамда бинодаги тақиқ ечилмагани сабабли банк маълумотномасини олишда юзага келаётган қийинчиликлар бўйича билдирилган эътирозлар атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида барча масалаларни синчиклаб ўрганиш ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал этиш бўйича масъул ходимларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Қайд этилганидек, Бизнес-омбудсман томонидан ўтказилаётган шахсий қабуллар нафақат алоҳида тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, балки ишбилармонлик муҳитидаги тизимли камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишда муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда. Қабул давомида кўтарилган ҳар бир масала назоратга олиниб, уларнинг қонуний ечими таъминланиши тадбиркорларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА