Сайёр суд: пробациядаги 11 кишига янги имконият
Тошкентнинг Чилонзор туманида ўтказилган сайёр судда пробация назоратидаги шахсларга янги имкониятлар тақдим этилди. Бу жамиятда хавфсиз муҳитни яратиш ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Давлатимиз сиёсатининг асосий тамойилларидан бири – инсон қадрини улуғлаш, хато қилган шахсларга имконият бериш, уларни жамиятга қайтаришдан иборат. Бу борада халқимизга азалдан хос бўлган кечиримлилик, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари муҳим аҳамият касб этади. 2026 йил 5 январда қабул қилинган Президент қарори билан республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини оширишга қаратилган яхлит манзилли иш тизими жорий этилди. Ушбу ҳужжат пробация назоратидаги шахсларга жамиятда тўғри йўл тутиб, берилган имкониятдан унумли фойдаланишга йўл очади.
Масалан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 900 нафарга яқин фуқаро пробация назоратида туради. Уларга ўз хатоларидан хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтишлари учун давлат томонидан барча шароитлар яратилган. Ҳудудий жиноят ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Сайёр суд” мажлислари ва сайёр қабуллар бу борада уларга яқин кўмакчи. Жараёнда қатнашувчилар пробация назоратидаги шахсларга давлатнинг адолатли сиёсатини, кечиримлилик принципларини ва муаммоларни биргаликда ҳал қилиш мумкинлигини яққол мисоллар орқали тушунтириб ўтишади.
Навбатдаги сайёр суд мажлисида жазо муддатини ўтаб келаётган 11 нафар маҳкумнинг жазоси тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан шартли озод этилди. Улар тузалиш йўлига ўтгани ва белгиланган тақиқ ҳамда мажбуриятларни виждонан бажариб келаётгани учун шундай қарорга лойиқ топилди. Чилонзор тумани судьялари ҳар бир фуқаронинг хатти-ҳаракатини чуқур ўрганиб, ўз қарорларини эълон қилди.
Чилонзор туман ИИО ФМБ Пробация бўлими тақдим этган маълумотга кўра, жазо муддатини ўтаб келаётган 60 нафар маҳкум билан туман камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари иштирокида навбатдаги "Ишга марҳамат" тадбири ўтказилиб, шундан 17 нафари иш билан банд этилди.
Эътиборли жиҳати, вақтни тежаш мақсадида мазкур жараёнда 3 нафар судья иш олиб борди. Улардан бири рус тилида сўзлашувчи фуқароларга пробация қоидаларини алоҳида тушунтириб, тақдим этилган ишларни кўриб чиқди.
Шу билан бирга, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган, пробация қоидаларига риоя этмаётган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. 5 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати оғирроқ жазо тури билан алмаштирилди.
Сайёр суд жараёнида адвокатлар, Ички ишлар бўлими пробация хизмати раҳбарлари, туман прокуратураси вакилларининг фикрлари эшитилди. Пробация назоратидаги ҳар бир шахс билан алоҳида суҳбатлашилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, муддат талаб қиладиган муаммолар бўйича масъулларга топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.
Санжар Тошпўлатов,
Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА