Тараққиёт узлуксиз занжир, унинг ҳар бир ҳалқаси мустаҳкам ва равон ишлаши муҳим
Ҳар қандай ислоҳот ёки ўзгаришнинг мазмун-моҳияти оддий бир ҳақиқатга – инсон қадрига бориб тақалади. Президентимиз томонидан шу йилнинг 10 ноябрь куни қабул қилинган янги фармон билан ҳам айнан ҳар бир фуқаронинг ҳаётини яхшилаш, соғлиғини асраш ва эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли миллий дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётир.
Бугун ҳар бир соҳада кузатилаётган ўзгаришлар ортида чуқур стратегик ёндашув ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч мужассам. “Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ҳам таълимдан тортиб тиббиётгача, суд-ҳуқуқ тизимидан то маҳалла институтигача бўлган барча соҳалар ўзаро узвий боғлиқ ҳолда қамраб олингани бежиз эмас. Зеро, тараққиёт узлуксиз занжир бўлиб, унинг ҳар бир ҳалқаси мустаҳкам ва равон ишлаши талаб этилади.
Айниқса, таълим соҳасида белгиланган вазифалар мамлакат келажагини белгилаб берувчи энг муҳим пойдевордир. Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати унинг билимли, замонавий фикрлайдиган фарзандлари билан ўлчанади. Шу боис, билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш устувор вазифа этиб белгилангани замирида катта маъно бор. Бу борада 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш орқали рақобат муҳитини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, барча умумтаълим мактабларини босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурларига олиб чиқиш, камида 10 та олий таълим муассасасини нуфузли халқаро рейтингларнинг ТОП-1000 талигига киритиш ҳамда 10 миллион нафар ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига йўналтириш – буларнинг ҳар бири эртанги кунимизнинг ишончли кафолати.
– Таълим соҳасида қўйилаётган талаблар замон билан уйғунлашмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Яшнобод тумани 204-сонли умумтаълим мактаби маслаҳатчиси Шоҳиста Жовлиева. – Бугунги ёшлар фақатгина замонавий билим олиш билан чекланиб қолмасдан, амалий кўникмаларга эга бўлиши, рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиши зарур.
Дарҳақиқат, таълим инсоннинг онгу тафаккурини юксалтирса, инсон бахти ва фаровонлигининг яна бир муҳим шарти бу, шубҳасиз, соғлиқдир. Азал-азалдан «Тани соғнинг – руҳи соғ», деганлар. Ҳаётнинг чинакам лаззати, борлиқнинг гўзаллиги ва ҳар бир куннинг қадри айнан мустаҳкам саломатлик билан ўлчанади. Саломатлик – инсон эга бўлиши мумкин бўлган энг улуғ неъмат, бутун фаоллик ва ижоднинг бош манбаи. Шу маънода, аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг янги босқичга кўтарилаётгани бениҳоят қувонарли. Бу борада аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказиш каби марралар белгилангани давлатимизнинг инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйишининг яққол исботидир. Шу билан бирга, тиббиётни даволашга эмас, балки касалликларнинг олдини олишга, яъни профилактикага асосланган саломатликни асраш моделига ўтказиш, шунингдек, ихтисослаштирилган ёрдам кўламини кенгайтириш учун дунёнинг камида 5 та нуфузли клиникасини жалб қилиш соҳадаги сифат ўзгаришларини таъминлайди.
– Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш ҳар доим самарали ва харажати камроқ бўлади, – дейди превентатив шифокор Бекзод Одилов. – Президент фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, тиббиётни даволашдан кўра профилактикага йўналтириш айни биз шифокорларнинг дилимиздаги гап. Шунингдек, давлат харажатларининг оширилиши ва дунёнинг нуфузли клиникалари тажрибасининг жорий этилиши тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаб, халқимизнинг узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Бироқ соғлом ва билимли жамиятни қуриш учун энг аввало, қонун устуворлиги ва адолат қарор топган муҳит керак. Жамиятда ҳақиқий осойишталик ва хотиржамлик ҳукм сурмас экан, ҳеч қандай иқтисодий ютуқ ўз мевасини бермайди. Шу боис, фармонда суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу йўналишдаги ишлар фақатгина жазо чоралари билан чекланиб қолмасдан, ҳуқуқий тарбия ва саводхонликни умумтаълим мактабларидан бошлашни тизимли йўлга қўйиш белгиланди. Айни пайтда жамиятимиз барқарорлигига раҳна солаётган кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши курашни кучайтириш, хотин-қизлар ҳамда болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, кечиктириб бўлмас вазифа сифатида олдимизга қўйилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар ва миллий дастурларнинг амалий натижаси эса бевосита қуйи бўғинда – маҳаллада акс этиши керак. Зеро, давлат сиёсатининг чинакам самараси одамларнинг кундалик ҳаётида, уларнинг дардига малҳам топилишида кўринади. Маҳаллани жамият тараққиётининг чинакам буюртмачисига айлантириш ғояси ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Эндиликда давлат дастурлари юқоридан тайёр ҳолда туширилмасдан, балки бевосита маҳаллаларнинг ўз талаб ва эҳтиёжлари асосида шакллантирилиши туб бурилиш ясайди. Қолаверса, маҳаллаларнинг буюртмалари ва мурожаатлари юзасидан 30 кунлик муддатда қатъий ва асослантирилган қарор қабул қилиш тартибининг жорий этилиши бюрократик тўсиқларга барҳам бериб, муаммоларни жойида ва тезкорлик билан ҳал этиш имконини беради.
Президентимизнинг мазкур фармонида белгиланган вазифалар мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда жамиятимизни янги, юқори тараққиёт марралари сари ишончли қадамлар билан етакловчи мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб майдонга чиқади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА