Зеленский: Украина учун эшикларни ёпманг
Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласи яна Киев дипломатияси асосий мавзусига айланди. Ирландиянинг Европа Иттифоқи Кенгашидаги янги раислиги бошланиши муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этган Владимир Зеленский Украина қўшилиш жараёни сиёсий ҳиссиёт эмас, балки умумий қоида асосида баҳоланиши кераклигини таъкидлади.
Украина раҳбарига кўра, мамлакат музокаранинг барча босқичини бошлаш учун талаб этилган вазифаларни бажариб бўлган. Шунинг учун қолган музокара йўналишини ҳам тезроқ очиш вақти келган. У Киев ҳатто, аввалги Венгрия ҳукумати билан муносабатдаги қийинчиликларга қарамай, ўз зиммасига олган мажбуриятни адо этганини қайд этди.
Европа сари йўл тобора мураккаблашмоқда. Венгриянинг янги бош вазири Петер Мадьяр Украинанинг интеграция суръати бўйича эҳтиёткор позицияни илгари суряпти. Шу билан бирга, Украин қўзғолончилар армияси – UPA номи ҳарбий бўлинмалардан бирига берилиши Варшава билан муносабатни кескин совутди. Сўнгги ижтимоий сўровга кўра, Польша фуқароларининг аксарияти Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши.
Шунга қарамай, Зеленский тарихий баҳслар келажакни гаровга айлантирмаслиги лозимлигини билдирди. У икки қўшни халқ ўртасида оғриқли саҳифа мавжудлигини тан олган ҳолда, бугунги кунда асосий таҳдид Россия эканини ва Европа хавфсизлиги умумий ёндашувни талаб қилишини таъкидлади. Киев баҳсли масала бўйича ечим излашга тайёр эканини ҳам маълум қилди.
Брюсселдаги дипломатик доиралар эса ҳозирча эҳтиёткорликни сақламоқда. Кутилганидек барча музокара кластерини бир вақтнинг ўзида очиш эҳтимоли паст баҳоланмоқда, аммо Европа Иттифоқида Украина учун камида бир ёки икки янги йўналиш бўйича музокарани бошлаш варианти жиддий муҳокама қилинмоқда. Бу эса Киевнинг Европа сари ҳаракати тўхтаб қолмаганини кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА