Венесуэлада фожиа чуқурлашмоқда: қурбонлар сони 2 295 нафарга етди
24 июнь куни Венесуэлада содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2 295 нафарга етди, 11 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Минглаб одамлар уй-жойидан айрилган ҳолда вақтинчалик бошпаналарда ёки очиқ осмон остида яшашга мажбур бўляпти. Тоза ичимлик суви ва санитария шароитининг етишмаслиги асосий муаммога айланган.
Шифокорлар ва гуманитар ташкилотлар энди янги хавф – оммавий инфекция тарқалишидан огоҳлантирмоқда. Мутахассислар фикрича, вайроналар остида қолган ёки оғир шароитда кун кечираётган жабрланганлар орасида юқумли касаллик тез тарқалиши мумкин. Инфратузилманинг издан чиқиши эса вазиятни янада оғирлаштиради.
БМТ ва халқаро ёрдам ташкилотлари иссиқ иқлим, чиқиндининг тўпланиб қолиши ҳамда вайроналарни тозалаш ишларининг секин кечаётгани турли касаллик хавфини кучайтираётганини таъкидламоқда. Мамлакатнинг кўп йиллик иқтисодий муаммолари туфайли шифокорлар танқислиги ҳам қутқарув ва тиббий ёрдамни қийинлаштиряпти.

Қутқарув операциясига халқаро ҳамжамиятлар ҳам жалб этилган. АҚШ 900 нафар ҳарбий хизматчини ёрдамга сафарбар қилди. Мамлакатнинг асосий халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлаги ҳам таъмирланди. Шунингдек, Эквадор ва Исроил каби давлатлардан қидирув-қутқарув гуруҳлари етиб келган.
Қийинчиликларга қарамай, вайроналар орасидан тирик қолганлар топилмоқда. Сешанба куни қутқарувчилар зилзиладан олти кун ўтиб харобалар остида қолган кичик болани тирик ҳолда олиб чиқишга муваффақ бўлди. Бу эса фожиа кўлами улкан бўлса-да, умид ҳали сўнмаганини кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА