Йил бошидан бери Украина Россияга тахминан 64 000 та дрон учирди
2026 йилнинг дастлабки олти ойида Россия ҳаво мудофааси тизимлари Россия ҳудуди ва низо давомида қўлга киритган ҳудудлари устида камида 63 933 та Украина дронини уриб туширди, деб хабар берди “РИА Новости” Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига таяниб.
Қайд этилишича, йўқ қилинган дронларнинг ярми май ва июнь ойига тўғри келди. Ўшанда мос равишда 14 195 ва 17 832 та дрон ушланган. Январь ва февраль ойларида уриб туширилган дронлар сони ойига 6000 тадан ошмади.
Бир кунда ушланган энг кўп дрон сони 17 майда (1054) қайд этилган. Уриб туширилган дронлар сони энг кўп бўлган беш кун қаторига 18-июнь (992), 30-июнь (927), 6-июнь (911) ва 23-май (800) кирди.
Аввалроқ “Коммерсант” нашри Белгород, Курск ва Брянск вилоятлари, шунингдек Қрим 2026 йилда Украина дрони томонидан энг кўп ҳужумга учраган ҳудуд бўлганини хабар қилган эди. Москва, Ростов вилояти ва Краснодар ўлкаси энг кўп ҳужумга учраган ҳудуд ўнталигига киритилди.
Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлиги ҳам июнь ойида Россияга берилган узоқ масофали зарбалар натижаларини эълон қилди.
Ҳисоботда июнь ойида Россиянинг 11 та нефтни қайта ишлаш заводи, еттита ёқилғи логистика иншооти, саккизта ҳарбий завод, сунъий йўлдош алоқа маркази, кема ва паромлар зарбага учрагани келтирилган.
Таъкидланишича, ҳужумлар Қрим ва Краснодар ўлкасидан Ғарбий Сибиргача бўлган ҳудудни қамраб олган. Максимал муваффақиятли зарба бериш масофаси Украина чегарасидан 2000 км дан ошади.
С.Раҳимов, ЎзА