Замонавий канализация тизими барпо этилмоқда
Юртимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳатто энг чекка ҳудудларгача замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини олиб кириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида илгари етарлича эътибор қаратила олмаган туман ва қишлоқлар ҳам изчил тараққиёт йўлига чиқмоқда.
Бугун чекка ҳудудларни обод қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви, замонавий йўллар ва канализация тизимлари билан таъминлашга қаратилаётган улкан эътибор мамлакатда инсон қадрини юксалтириш тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунаси сифатида Бухоро вилоятининг Олот туманида амалга оширилаётган йирик канализация лойиҳасини алоҳида қайд этиш мумкин. Кўп йиллар давомида аҳоли эҳтиёжи бўлиб келган мазкур инфратузилма лойиҳаси бугун амалий босқичга кириб, қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Эътиборлиси, бугунги кунда Олот туманида марказлашган ичимлик суви таъминоти 99,6 фоизга етказилган. Ҳозирда 21 минг 410 та хонадон ҳамда 171 та юридик истеъмолчи сифатли ичимлик суви билан таъминланган. Бу кўрсаткич давлат раҳбари томонидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилаётганини яққол намоён этади.

Эндиликда эътибор аҳоли учун яна бир муҳим масала — замонавий канализация тизимини барпо этишга қаратилган. Осиё инфратузилма инвестициялари банки молиявий кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 23,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу нафақат Олот, балки бутун ҳудуд коммунал инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқадиган стратегик аҳамиятга эга лойиҳадир.
Лойиҳа доирасида бир суткада 3 800 куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга замонавий иншоот қурилади. Шунингдек, 20 та оқова сув насос станцияси барпо этилади, 160,5 километр узунликдаги канализация тармоқлари янгидан қурилади ва реконструкция қилинади.
Таҳлилларга кўра, мазкур лойиҳанинг аҳамияти фақат коммуникация тармоғини янгилаш билан чекланмайди. Аввало, 11 та маҳаллада яшовчи 26,5 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган канализация хизмати билан қамраб олинади. Бу эса санитария-гигиена ҳолатини тубдан яхшилайди, ер ости сувларининг ифлосланишини камайтиради, экологик барқарорликни мустаҳкамлайди ҳамда турли юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, ривожланган давлатларда ҳаёт сифати биринчи навбатда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг ҳолати билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Олотда амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва келгусида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Айни пайтда “Асажам” маҳалласида қурилиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Муҳандислар ва қурувчилар томонидан замонавий технологиялар асосида тармоқларни барпо этиш ишлари белгиланган режа асосида изчил давом эттирилмоқда.

Энг муҳими, бу каби лойиҳалар давлат раҳбарининг чекка ҳудудларни ривожлантиришга қаратган доимий эътиборининг амалий натижасидир. Илгари фақат йирик шаҳарларга хос деб қаралган замонавий муҳандислик инфратузилмалари бугун энг олис туманларгача кириб бормоқда. Бу эса юртимизда ҳудудлар ўртасидаги тафовутларни қисқартириш, ҳар бир фуқаро учун муносиб яшаш шароитини яратиш ва “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг ёрқин ифодасидир.

Хулоса қилиб айтганда, Олот туманида барпо этилаётган 23,3 миллион долларлик замонавий канализация тизими оддий қурилиш объекти эмас. Бу — минглаб инсонларнинг эртанги соғлом ҳаёти, экологик хавфсизлик, замонавий коммунал хизматлар ва ҳудуд тараққиётига қаратилган улкан сармоядир. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар чекка ҳудудларнинг ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётидан четда қолмаётганини, аксинча, улар ҳам мамлакат ривожининг муҳим қисмига айланаётганини яна бир бор яққол намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири