Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Йиғилиш давомида фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ишлар, тармоқни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва стратегик вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик натижалари, янги ҳамкорлик имкониятлари ҳамда келгусидаги истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Мулоқотда мамлакатимизда янги турдаги дори воситаларини маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди. Шунингдек, экспорт бозорларини диверсификация қилиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро тажрибани жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Йиғилиш якунида соҳа тадбиркорлари томонидан фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
***
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ҳамда Индонезия Республикасининг Дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш агентлиги (BPOM) вакиллари ўртасида онлайн учрашувда ЖСТнинг Global Benchmarking Tool (GBT) дастури доирасида миллий регулятор тизимини баҳолаш жараёнига тайёргарлик ҳамда келгусида WHO Listed Authority (WLA) мақомига эришиш йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Индонезиянинг Дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш агентлиги (BPOM) – Индонезияда дори воситалари, вакциналар, тиббий маҳсулотлар, биологик препаратлар, озиқ-овқат ҳамда косметика маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини давлат томонидан назорат қилувчи ваколатли регулятор орган ҳисобланади. Агентлик маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ишлаб чиқариш ва муомаласини назорат қилиш, инспекция, лаборатория синовлари, фармаконазорат ҳамда истеъмолчилар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирларини амалга оширади. BPOM Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) билан яқин ҳамкорлик қилади ва WHO Global Benchmarking Tool (GBT) баҳолаш тизими бўйича Maturity Level 3 (ML3) даражасига эришган нуфузли миллий регулятор органлардан бири саналади. Шу боис унинг тажрибаси бошқа давлатлар, жумладан Ўзбекистон миллий регулятор тизимини такомиллаштиришда муҳим амалий аҳамият касб этади.
Учрашувда Марказ вакиллари мамлакатда дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини давлат томонидан тартибга солиш тизими, амалга оширилаётган институционал ва норматив-ҳуқуқий ислоҳотлар, шунингдек, миллий регулятор тизимини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига мувофиқлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Алоҳида эътибор миллий регулятор тизимини етукликнинг учинчи даражаси (Maturity Level 3)га олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қаратилди.
BPOM мутахассислари эса Индонезиянинг самарали регулятор тизимини шакллантириш тажрибаси, ML3 даражасига эришиш босқичлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Учрашув якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқлаб, эришилган келишувлар Ўзбекистон миллий регулятор тизимини такомиллаштириш ҳамда WHO Listed Authority мақомига эришиш жараёнига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
***
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 12 майдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида фаолият юритаётган инспекторлар (санитария врачлари) учун махсус сайёр ўқув курслари ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар 100 дан ортиқ мутахассислар ушбу ўқувларда малака оширди.
Бўлиб ўтаётган курсларда инспекторларга соҳадаги қонунчилик янгиликлари, халқаро стандартлар, халқаро меъёрларга мувофиқлаштирилган санитария қоидалари ва нормалари ҳамда замонавий назорат усуллари бўйича чуқурлаштирилган билимлар берилмоқда.
Ўқув жараёнида маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан тортиб, истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча босқичларда хавфсизлик талаблари атрофлича муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжирида хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва НАССР (HACCP) тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур кўникмалар шакллантирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида самарали назоратни таъминлаш учун инспекторларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш жуда муҳим. Ушбу ўқув курслари давомида иштирокчилар янгича ёндашувлар ва замонавий назорат механизмлари билан яқиндан танишмоқда.
Семинар-тренинглар давомида маҳсулотларни сақлаш ва ташиш жараёнларида учрайдиган хатарлар, савдо объектларида санитария талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда рақамли мониторинг тизимларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар сайёр ўқув дарслари Нукус шаҳри, Фарғона, Андижон, Бухоро ва бошқа ҳудудларнинг вилоят Санитария-эпидемиология бошқармаларида ўтказилди. Дарсларнинг амалий қисми эса бевосита маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этилди.
Мазкур ўқув курслари босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу соҳада фаолият юритаётган инспекторларнинг касбий маҳоратини янада оширишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА