Интернет нашрлари фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаментида интернет нашрлари вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Видеоконференция алоқа тизими орқали гибрид форматда ташкил этилган ушбу мулоқотда республикамиз ҳудудларидаги маҳаллий интернет нашрлари вакиллари ҳам онлайн тарзда қатнашди.
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов бугунги рақамли дунёда интернет нашрлари нафақат тезкор ахборот манбаи, балки жамиятда соғлом жамоатчилик фикрини шакллантирувчи кучли медиа платформага айланганини, интернет нашрлари ривожидаги энг устувор масала — тезкорлик билан бирга ахборотнинг холислиги, асосланганлиги ва касб этикаси меъёрларига қатъий амал қилиниши бугун ғоят долзарб эканини таъкидлади.
Медиа маконда ёлғон хабарлар (фейк) ва ахборот манипуляцияси кўпайган бир даврда, интернет нашрларимизнинг профессионаллиги ва фактларни текшириш (фактчекинг) кўникмаларини ошириш муҳимдир. Айни пайтда замонавий журналистика талабларидан келиб чиқиб, миллий веб-сайтлар ва блогерларнинг контент сифатини яхшилаш, уларни замонавий медиа-технологиялар билан қуроллантириш йўлида ҳамкорлик лойиҳаларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбати интернет сайтлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашнинг кенг қамровли масалаларига бағишланди. Хусусан, мулоқотда давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Байрам табригида Президентимиз ОАВ ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатини рағбатлантириш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш зарурлигини таъкидлаган эди.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Президент Администрациясининг Коммуникациялар департаменти томонидан янги комплекс концепция – норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида қатор масалаларни ўрганиш мақсад қилинган. Жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришда улар олдидаги муаммоларни аниқлаш, журналистларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси бўйича замонавий механизмларни яратиш, кадр тайёрлашда фундаментал таълим моделларини жорий этиш, тизимли малака оширишни йўлга қўйиш ва ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг ижодий фаолиятини рағбатлантириш каби масалалар шулар жумласидандир.
[gallery-30382]
Айни пайтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, журналистлар учун Уюшманинг ўрни ва аҳамиятини ошириш назарда тутилган. Бу борадаги норматив ҳужжат лойиҳаси фақат бир ташкилотнинг қараши эмас, балки журналистларнинг ўзлари билдирган фикр ва таклифлар асосида шаклланиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки соҳани энг яхши биладиган ҳам, унинг оғриқли нуқталарини энг яхши ҳис қиладиган ҳам айнан соҳа вакилларининг ўзлари ҳисобланади.
Бугунги учрашув айнан шу мақсадда ташкил этилди. Давра суҳбати иштирокчилари интернет оммавий ахборот воситалари аудиториясини кенгайтириш, контент сифатини яхшилаш, таҳририятлар дуч келаётган реал қийинчиликлар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Жонли, очиқ ва конструктив руҳда ўтказилган мулоқот давомида билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқиладиган чора-тадбирлар келгусида журналистлар манфаатига хизмат қиладиган ва мамлакатимиз медиа маконини янада ривожлантиришга ҳисса қўшадиган тизим яратишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бундай мулоқотлар тизимли давом эттирилиб, келгусида телеканаллар ва радиостанциялар вакиллари, фикр етакчилари, блогерлар ва медиа экспертлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА