Мактаб маслаҳатчиси лавозимига танлов бошланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10-декабрдаги “Келажак” марказлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шаҳар ва туман “Келажак” марказлари директорлари ва ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими учун тест синови ва суҳбат ўтказилиши белгиланди.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси “Келажак” маркази томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритадиган мактаб маслаҳатчиси лавозимига номзодларни танлаш мақсадида суҳбат жараёнлари ташкил этилмоқда. Мазкур танлов жараёни очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.
[gallery-30365]
Мактаб маслаҳатчиси лавозими танловининг 2-мавсуми учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг tanlov.uzedu.uz/home платформаси орқали Қорақалпоғистон Республикасидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича жами 619 вакант лавозим эълон қилинди. 2026 йил 22-апрель санасидан 12-май санасига қадар бўлиб ўтган аризаларни қабул қилиш жараёнида жами 5 минг 400 дан ортиқ ариза келиб тушди. Шундан 5 минг 152 нафар талабгор малака талабларига мос деб топилиб, танловнинг 1-босқичи - тест синовларига тавсия этилди.
Жорий йилнинг 18 ва 23-май кунлари бўлиб ўтган тест синовларида 4 минг 322 нафар талабгор иштирок этишди. Ҳозирда тест синовларидан муваффақиятли ўтган 1 минг 738 нафар номзод суҳбат босқичида иштирок этмоқда.
Суҳбат тасдиқланган комиссия томонидан белгиланган тартиб асосида ўтказилмоқда. Ушбу жараёнда номзодларнинг сардорлик ва ташаббускорлик салоҳияти, амалий тажрибаси, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қобилияти, ёшлар билан ишлашдаги иштироки баҳоланмоқда.
Танловнинг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида апелляция механизми йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатлар қонунчилик асосида кўриб чиқилади. “Келажак” маркази мазкур танлов орқали мактабларда маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш, ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда малакали, фидойи кадрларни танлашни мақсад қилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари