Замонавий иссиқхона — фаровонлик манбаи
Сайхунобод туманининг “Нуробод” маҳалласида яшовчи Маҳмудовлар оиласи томорқадан самарали фойдаланиб, йилига 150 миллион сўмгача даромад олмоқда. Хонадон ҳудудида ташкил этилган 22 сотихли замонавий иссиқхонада йилига уч маротаба ҳосил етиштирилаётгани меҳнат ва замонавий агротехнологиялар уйғунлигининг амалий намунаси бўлмоқда.
Айни кунларда иссиқхонада булғор қалампири ва помидор парвариш қилинмоқда. Шу билан бирга, бўш турган майдонларда помидор кўчатлари етиштирилиб, ердан унумли фойдаланиш таъминланяпти. Қиш мавсумида эса кўкатлар ва редиска етиштириш режалаштирилган.

Маҳмудовлар оиласи иссиқхонада помидор етиштиришда замонавий агротехнологияларга таяниб иш юритмоқда. Кўчатлар махсус тайёрланган унумдор тупроққа экилиб, белгиланган ҳарорат ва намлик асосида парвариш қилинади. Мутахассислар тавсиясига асосан минерал ва органик ўғитлардан меъёрда фойдаланилиши ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Эътиборли жиҳати, хонадонда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган. Бу усул орқали сув тежалиши билан бирга, ҳар бир кўчатга зарур миқдорда намлик етказиб берилади. Натижада ўсимликнинг ўсиши жадаллашиб, ҳосил сифати яхшиланмоқда.

Иссиқхонада ҳарорат мувозанатини сақлаш, шамоллатиш ишларини мунтазам ташкил этиш ҳам агротехнологиянинг муҳим қисми саналади. Шунингдек, палакларни ипларга боғлаш, ортиқча ён шохларни олиб ташлаш ва зараркунандаларга қарши профилактик ишлов бериш ишлари ўз вақтида амалга оширилади.
– Ҳар бир қарич ердан унум олишга ҳаракат қиламиз. Иссиқхонани ташкил қилиш дастлаб осон кечмаган. Аммо изланиш ва меҳнат орқали тажриба тўпладик. Ҳозир агротехнологияга тўғри амал қилаётганимиз яхши натижа беряпти, – дейди хонадон эгаси Зафар Маҳмудов.
Иссиқхонадаги барча ишлар оилавий меҳнат асосида ташкил этилган. Бу эса нафақат сарф-харажатларни қисқартирмоқда, балки хонадонда аҳиллик ва меҳнатсеварлик муҳитини ҳам мустаҳкамламоқда.
Бугун Маҳмудовлар оиласи етиштирган маҳсулотлар маҳаллий бозорлар билан бир қаторда вилоятнинг турли ҳудудларига ҳам етказиб берилмоқда. Энг муҳими, бу каби намунавий томорқалар аҳоли даромадини ошириш, бозорлар тўкин-сочинлигини таъминлаш ва қишлоқларда тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири