17 нафар ўқувчи талабаликка қабул қилинди
Сирдарё вилоятида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда. Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида бу йил умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 17 нафар ўқувчи олий таълим муассасаларига муддатидан аввал талабаликка қабул қилинди.
Бу ҳақда вилоят Ёшлар марказида Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева билан умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқот давомида маълум қилинди.
– Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармойишлари ижросини таъминлаш мақсадида кимё, биология ва физика фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаси ташкил этилди. Мазкур беллашувлар туман, шаҳар ва вилоят босқичларида ўтказилиб, унда жами 739 нафар ўқувчи ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди, – деди бошқарма бошлиғи.
Уч босқичли саралаш натижаларига кўра, ҳар бир фан йўналиши бўйича энг юқори натижа кўрсатган 60 нафар ўқувчи Гулистон давлат университети ҳамда Гулистон давлат педагогика институти кесимида олий таълим босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Якуний натижалар эса янада қувонарли бўлди
17 нафар иқтидорли ўқувчи мазкур олий таълим муассасаларига расман талабаликка қабул қилинди.
[gallery-29509]
Бу ҳолат фан олимпиадалари нафақат билимни синаш, балки иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни олий таълимга йўналтиришда муҳим босқич эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Мехатроника ва робототехника” ҳамда “Яшил энергетика ва электр қурилмалари” йўналишларида ўтказилган танловларда ёшлар ўз билимлари билан бирга инновацион ғоя ва лойиҳаларини ҳам намойиш этишди.
Тадбир якунида эса Наргиза Холбоева ғолиб ўқувчилар ҳамда ҳакамлар ҳайъати аъзоларига диплом, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА мухбири