Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб
Самарқанд давлат тиббиёт университетида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон – умумий уйимиз!”, “Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати!” деган эзгу ғоялар остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Бу йил халқимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлайди. Президентимизнинг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган қарорига кўра, айни пайтда юртимизда ушбу тарихий санага қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида маданий-маърифий тадбирлар, зиёлилар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам кейинги 35 йилда халқимиз босиб ўтган йўл, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, одамлар онгу тафаккуридаги ўзгаришлар моҳиятига бағишланган маърифий тадбирлар уюштирилмоқда.
Ана шундай жўшқин учрашувларнинг навбатдаги манзили Самарқанд давлат тиббиёт университети бўлди. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги миллий маданий марказлар вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ва университет раҳбарияти мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар, давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга қаратилган юксак эътибор ҳақида сўз юритди.
– Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги бу йил “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида нишонланиши бежиз эмас, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Д.Маликов. – Бугунги кунда юртимизда, жамладан, Самарқандда ҳам юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, бир оила фарзандларидек яшаб келмоқда Уларнинг ўз тили, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши ва давом эттириши учун давлатимиз томонидан зарур шароит ва имкониятлар яратилган. 11 та миллий маданий марказ ва битта дўстлик жамияти, 800 дан ортиқ нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунларда вилоятимиз бўйлаб ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остидаги тадбирларда ҳам бу ташкилотлар, турли миллатлар вакиллари фаол иштирок этмоқда.
[gallery-29510]
Университет ҳовлисида вилоятдаги миллий маданий марказлар, таълим даргоҳида таҳсил олаётган турли миллатга мансуб ва хориждан келган талабалар томонидан ўз урф-одатлари, миллий қадриятлари ва бетакрор маданиятини акс эттирувчи кўргазмалар ўтказилди.
Байрамнинг бадиий қисмида немис, корейс ва араб миллий-маданий марказлари қошидаги ансамбллар ҳамда университет талабаларининг концерт дастури намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари