Инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ошхона идишлари савдодан чиқарилди
Сирдарё вилоятида савдо шохобчаларида аҳоли саломатлиги учун xaвф туғдириши мумкин бўлган ошхона идишлари аниқланди. Назорат харидлари асосида ўтказилган текширувларда Хитойда ишлаб чиқарилган “MELAMINE WARE” савдо белгиси остидаги маҳсулотлар белгиланган стандарт талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Сирдарё вилояти бўлими мутахассислари томонидан савдо шохобчаларида сотилаётган, Хитойда ишлаб чиқарилган “MELAMINE WARE” савдо белгиси остидаги ошхона идишлари назорат хариди асосида текширилди.

Лаборатория синовлари натижасида мазкур маҳсулот “Пластмассадан тайёрланган маиший ва хўжалик буюмлари” стандарти талабларига мос келмаслиги, хусусан, формальдегид миқдори белгиланган меъёрдан юқори экани аниқланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, меламин идишлари айниқса иссиқ овқат солинганда, кислотали маҳсулотлар билан ишлатилганда ёки идиш юзаси шикастланганда зарарли моддалар ажратиши мумкин.
Бундай ҳолат инсон организмида формальдегид тўпланишига сабаб бўлиб, аллергик реакциялар, заҳарланиш ҳамда ички органларга салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд.

Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонуни талабларига зид экани қайд этилди.
Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш мақсадида “G.R” МЧЖ савдо дўконига Хитойда ишлаб чиқарилган “MELAMINE WARE” савдо белгиси остидаги ошхона идишларини савдодан чиқариш бўйича тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА