Замонавий илмий-текшириш лаборатория маркази ишга тушди
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Андижон давлат тиббиёт институтида замонавий илмий-текшириш лаборатория маркази ҳамда виварий фойдаланишга топширилди.
Замонавий лабораториянинг очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, шифокорлар билим ва малакасини ошириш, касалликларни аниқлаш ва даволашда илғор тажриба ва замонавий тиббий жиҳозлардан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли ишлар натижасида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва савияси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Андижон давлат тиббиёт институтида ишга туширилган замонавий илмий-текшириш лаборатория маркази ва виварий ҳам ана шу йўналишдаги ишлар, ислоҳотларнинг самарасидир.
Марказнинг фойдаланишга топширилиши институтда тиббий таълим, илм-фан ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, замонавий лаборатория диагностикаси имкониятларини кенгайтириш ҳамда илмий салоҳиятни янада ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
[gallery-31118]
Марказни барпо этиш учун 18 миллиард сўм, уни замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш учун 1,7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Тўрт қаватли замонавий бинода лаборатория хоналари билан бир қаторда виварий бўлими ҳам ташкил этилган. Бу ерда гематологик, биокимёвий, иммунологик, генетик, токсикофармакологик ва морфологик тадқиқотларни амалга ошириш учун зарур барча шароитлар яратилган.
Шунингдек, Марказда замонавий гематологик ва биокимёвий анализаторлар, коагуляция тизимлари, иммунологик текширув ускуналари, real-time PCR тизими, центрифугалар ҳамда биологик материалларни сақлаш учун махсус лаборатория жиҳозлари ўрнатилган.
— Марказнинг асосий вазифаси — лаборатория таҳлилларини амалга ошириш билан бир қаторда, илмий тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар, тажриба-синов ишлари ва ёш олимларни тайёрлаш учун замонавий илмий база яратишдан иборат, — дейди Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Нохидбек Қодиров. — Шунингдек, бу ерда PhD талабгорлари, докторантлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун замонавий тиббий-биологик тадқиқотлар олиб бориш, микроскопик ва морфологик текширувлар ўтказиш ҳамда лабораторияда илмий изланишлар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилган.
Келгусида лаборатория жараёнларини рақамлаштириш, LIS/LIMS тизимларини жорий этиш, автоматлаштириш даражасини ошириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали тадқиқотларнинг тезлиги, аниқлиги ва сифатини янада ошириш кўзда тутилган.
Янги марказнинг ишга туширилиши Андижон давлат тиббиёт институтининг илмий салоҳиятини юксалтириш, замонавий тиббий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Келгусида мазкур марказ нафақат институт, балки Фарғона водийсида тиббиёт илми ва амалиёти ривожига хизмат қиладиган йирик илмий-тадқиқот масканларидан бирига айланади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари