35 йилликка 35 бино
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси шундай ташаббус билан чиқиб, вилоят туман ва шаҳарларда янги маҳалла марказларини фойдаланишга топширмоқда.
Жумладан, Каттақўрғон туманидаги Вайрот, Полвонтепа, Баландравот маҳаллаларининг янги бинолари очилишида маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, туман ҳокимлиги раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги биноларда “еттилик”нинг самарали ишлаши, фуқаролар қабулини ташкил этиш учун қулай шароитлар яратилгани эътироф этилди.


– Мазкур маҳаллаларда янги бинолар қуриш билан бирга ҳудуд инфратузилмаси ҳам яхшиланиб, йўллар ва бошқа коммуникация тизимлари янгиланмоқда, – дейди Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов. – Жумладан, Полвонтепа маҳалласида 14 километр йўл асфальтланди, 13 километр электр тармоқлари мукаммал таъмирланиб, ёпиқ кабеллар тортилди, 400 та бетон устун ва 4 та янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида 50 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, 1 километр пиёдалар йўлаги барпо этилмоқда, 2,6 километрлик ариқлар бетонлаштирилмоқда. Баландравот маҳалласида ҳам 10 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, 12 километр йўл асфальтланди, 150 ўринли замонавий боғча барпо этилди. 36-умумий ўрта таълим мактабида спорт зал ва 50 ўринли ошхона қурилди. Аҳоли сув таъминотини яхшилаш учун 3 километр сув тармоғи барпо тортилди. Ушбу маҳаллаларимиз йил якунига қадар том маънода “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла”га айланади.

Вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам бу каби тадбирлар давом этмоқда. Хусусан, Самарқанд тумани Ангаролмос маҳалласи янги биносининг фойдаланишга топшириш маросимида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборов, Самарқанд тумани ҳокими С.Усмонов иштирок этиб, маҳалла аҳлини янги маҳалла маркази ҳамда Мустақиллик байрами билан табриклади.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири