“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остидаги байрам тадбири
Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Агентлик директори Акмал Бурҳонов барчани энг улуғ айём билан самимий табриклаб, коррупцияга қарши муросасиз курашишга қаратилган тизимли ислоҳотлар тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Агентлик фаолияти ҳам такомиллашиб бораётгани қайд этилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари ҳам эл-юрт фаровонлиги йўлида ўз фидойилигини намоён этмоқда. Улар меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилаётгани эса натижалар самарадорлигини шубҳасиз янада яхшилайди.

Агентликнинг ходимлари Президентнинг тегишли фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони, шунингдек, хизмат вазифаларини самарали бажарган ходимлар Агентлик ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА