Замонавий диагностика – самарали профилактика асоси
1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимлиги мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, жамоатчилик фаоллари, журналистлар иштирок этди. Тадбирда ОИВ инфекциясининг олдини олиш, уни эрта аниқлаш, аҳоли ўртасида тиббий хабардорликни ошириш ҳамда профилактика тадбирларини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Нодира Адилова ҳудуддаги эпидемиологик вазият, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, касалликнинг олдини олишда аҳолининг хабардорлигини ошириш билан бир қаторда, замонавий диагностика имкониятларини кенгайтириш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда марказ учун 1 миллиард 223 миллион сўмлик замонавий тиббиёт ва лаборатория ускуналари харид қилиниб, фойдаланишга топширилди. Улар орасида ПЦР анализатори, ИХЛА текширув ускунаси, биокимёвий анализатор, совиткич ва музлаткичлар, 36 та моноблок, принтерлар ҳамда бошқа зарур тиббий жиҳозлар мавжуд. Шу билан бирга, беморларни узлуксиз даволаш ва сифатли диагностика билан таъминлаш учун зарур дори воситалари, реагентлар ва тиббий буюмлар ҳам харид қилинди.

Қайд этилганидек, жорий йил бошидан бери вилоятда ОИВ инфекциясининг олдини олишга қаратилган профилактик-тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилиб, уларга 42 минг 717 нафарга яқин фуқаро жалб этилди. Хусусан, 16 ноябрдан 16 декабргача вилоятда “Соғлом ҳаёт сари – биргаликда!” шиори остида профилактик тарғибот ойлиги ҳам ўтказилмоқда.
– Ушбу тадбирларнинг бош мақсади ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, касалликни эрта аниқлаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишдан иборат, – дейди Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси Аҳмаджон Аитбоев. – Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам БМТнинг ОИВ эпидемиясига барҳам беришга қаратилган глобал “95-95-95” стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Унга кўра, ОИВ билан яшаётган шахсларнинг 95 фоизи ўз статусидан хабардор бўлиши, антиретровирус даво билан қамраб олиниши ва даволанаётганларнинг 95 фоизида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага туширилиши кўзда тутилган.

Тадбирда вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига махсус касалликларни аниқлашга мўлжалланган ва замонавий лаборатория асбоблари билан жиҳозланган хизмат автобуси топширилди. Унда олис жойлардаги аҳолидан ОИВга тест таҳлиллари олинади. Шу билан бирга, ОИВ профилактикасига қаратилган токсоматлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Эндиликда бу техникалар божхона пунктларига ўрнатилади ва фуқаролар ўзи мустақил равишда касалликларга қарши топшириб, натижасини олиши мумкин.
А.Мусаев, ЎзА