Соғлом овқатланиш — саломатлик ва узоқ умр гарови
Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан унинг кундалик ҳаёт тарзи, айниқса, қандай овқатланиши, қанчалик ҳаракатчанлиги ва ўз соғлиғига қай даражада эътибор қаратишига боғлиқ. Бугун нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик, ортиқча вазн ва семизлик нафақат алоҳида инсон, балки бутун жамият саломатлигига дахлдор муаммолардан бирига айланмоқда. Шу боис касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш, аҳолида соғлом ҳаёт кўникмаларини шакллантириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда Бухоро тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида “Соғлом овқатланиш — саломатлик гарови” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Озода Парпибоева, партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, Бухоро тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Комилжон Сафаров ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Тадбирда соғлом овқатланиш тамойиллари, озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри танлаш, кунлик овқатланиш тартибига амал қилиш, ортиқча вазн ва семизликнинг олдини олиш, жисмоний фаолликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш ва оммавий спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу борада изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликлар профилактикасини кучайтириш ва ҳар бир инсонда ўз саломатлиги учун масъулият ҳиссини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Жумладан, давлат раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йил 10 ноябрдаги ПҚ-4887-сонли “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Уларда жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги туз, қанд ва ёғ миқдорини меъёрлаштириш ҳамда профилактик тадбирларни кенгайтириш каби вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифаларнинг ҳаётий аҳамиятини халқаро статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2025 йилги гипертония бўйича мамлакат профилига кўра, Ўзбекистонда 30–79 ёшли аҳолининг 47 фоизида юқори қон босими кузатилади. Бу қарийб 8 миллион нафар катта ёшли кишини ташкил этади. Уларнинг 6,6 миллион нафарида эса қон босими етарли даражада назорат қилинмаяпти.
Шунингдек, ташкилот маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатимизда катта ёшли аҳолининг 29,5 фоизида семизлик қайд этилган. Бу рақамлар ортиқча вазн ва қон босими муаммоси алоҳида ҳолат эмас, балки юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет каби сурункали хасталиклар хавфини оширувчи муҳим омиллардан бири эканини кўрсатади.
Демак, соғлом овқатланишни тарғиб қилиш шунчаки фойдали одатларни тавсия этиш билан чекланмайди. Бу — инсон умрининг сифати, меҳнат қобилияти, оила фаровонлиги ва жамиятнинг соғлом келажагига бевосита дахлдор масаладир.
Семинар давомида мутахассислар томонидан кундалик таомномада сабзавот ва мевалар улушини кўпайтириш, туз ва шакар истеъмолини чеклаш, ёғли ҳамда юқори калорияли маҳсулотларни меъёрида истеъмол қилиш, етарли миқдорда сув ичиш, мунтазам пиёда юриш ва жисмоний машқлар билан шуғулланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.


Шунингдек, оилада соғлом овқатланиш муҳитини шакллантириш, болаларда ёшликдан тўғри овқатланиш кўникмаларини тарбиялаш, аҳоли ўртасида тиббий профилактика ишларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш фақат тиббиёт муассасаларининг вазифаси эмаслигига ҳам алоҳида урғу берилди. Бу борада сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, маҳалла институтлари ва фуқаролик жамияти вакилларининг ҳамкорлиги муҳим. Зеро, аҳолига соғлом ҳаёт тарзининг афзалликларини тушунтириш, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш ва фойдали ташаббусларни қўллаб-қувватлаш профилактиканинг таъсирчан воситаларидан биридир.
Тадбир якунида партия фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ фаоллар “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Эътиборлиси, бундай учрашувлар аҳоли саломатлигини асраш масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш ва профилактик ишларни кучайтиришга хизмат қилади.
Зеро, соғлом жамиятни барпо этиш, аввало, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъулият билан муносабатда бўлишидан бошланади. Бугун дастурхонимиздаги тўғри танлов, кундалик ҳаётимиздаги фаоллик ва зарарли одатлардан воз кечиш эртанги соғлом ҳаётимиз учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири