«Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» портали ишга туширилади
Жорий йил 17 ноябрдан бошлаб Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантириш бўйича ўқувлар ўтказилмоқда. Уларда ходимларни тазйиқ, зўравонлик ва камситишдан ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
30 ноябрга қадар ўтадиган тадбирлар меҳнат жамоаларида соғлом муносабатларни қарор топтиришга қаратилган. Бу жараён Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Жиззах политехника институтида Президентнинг мазкур қарори ижроси доирасида уч кунлик ўқув машғулотлари ўтказилди. Унда масъул ходимларга тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини таъминлаш бўйича билимлар берилди.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда мурожаатларни қонунчилик асосида кўриб чиқиш кўникмалари шакллантирилди. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Жорий йилнинг 1 декабрига қадар давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилиши режалаштирилган.

Ушбу платформа орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар кўриб чиқилади. Шунингдек, далилларни тўплаш ва идоралараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
Мазкур чора-тадбирлар ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Тенглик ва ўзаро ишончга асосланган меҳнат муҳитини мустаҳкамлашга замин яратади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА