Нукусда келажак, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси ўтказилди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида Келажак, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси ташкил этилди.
Унда Оролбўйидаги барча олий ўқув юртларининг талабалари, битирувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳузуридаги “Келажакка қадам” маркази директори ўринбосари Хуршид Эшонқулов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга, бу борада анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур ярмарканинг аҳамиятига тўхталишди.

Таъкидланганидек, юртимизда эртамиз давомчилари бўлган ёшларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бугунги давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Келажакка қадам” дастури бу борада янги имкониятлар эшигини очмоқда. Ушбу эзгу ташаббус ижросини таъминлашда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти нафақат молиявий кўмакчи, балки ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори сифатида намоён бўлмоқда.

Дарҳақиқат, “Келажакка қадам” дастури ва “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг молиявий кўмаги бугунги кунда кўплаб ўғил-қизларнинг орзуларига қанот бағишламоқда. Бу каби хайрли ишлар нафақат ёшларнинг ижтимоий бандлигини таъминлайди, балки мамлакатимиз иқтисодиётининг янги, ёш ва ғайратли қатламини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, бугун ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган имтиёзлар эртанги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворидир. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ҳам ёшлар ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб иш ўринларига йўналтириш ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ярмарка доирасида иштирокчилар бўш иш ўринлари ва амалиёт дастурлари билан танишиш, реал иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, ишга жойлашиш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлишди.

Ушбу тадбир ёшларнинг касбий ривожланиши, иш билан таъминланиши ва тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга хизмат қиладиган муҳим платформа бўлиб, уларнинг келгуси фаолиятига янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири