Замонавий билим – сифатли тез тиббий ёрдам
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлигида ташкил этилган янги марказ тиббиёт ходимларининг амалий маҳоратини ошириш, шошилинч вазиятларда тез ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган тез тиббий ёрдам сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тошкент вилояти филиалида замонавий ўқув-симуляция маркази ўз фаолиятини бошлади. Мазкур марказнинг ишга туширилиши ҳудудда шифохонагача бўлган босқичда кўрсатиладиган тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантириш, тиббиёт ходимларининг назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Марказ Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси — KOFIH кўмагида, Республика тез тиббий ёрдам маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган грант лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент вилояти филиали директори Турсунпўлат Ахтамовнинг таъкидлашича, бундан асосий мақсад замонавий таълим ва симуляцион технологияларни тез тиббий ёрдам тизимига кенг жорий этиш орқали инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини оширишдир.
Шунингдек, шифокор марказ имкониятлари ва симуляцион таълим хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

– Тез тиббий ёрдам тизимининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда тиббиёт ходимидан нафақат чуқур билим, балки фавқулодда вазиятда сониялар ва дақиқалар ичида тўғри қарор қабул қилиш талаб этилади. Шу сабабли замонавий тиббиётда мутахассисларни фақат назарий билимлар асосида тайёрлаш етарли ҳисобланмайди. Ходим муайян клиник вазиятни амалда кўриши, зарур ҳаракатларни қайта-қайта бажариши, жамоа билан ишлаши ва фавқулодда вазиятда қарор қабул қилишни машқ қилиши зарур.
Симуляцион таълимнинг асосий афзаллиги ҳам шунда. Махсус тиббий манекенлар ва симуляторлар ёрдамида реал ҳаётда учрайдиган мураккаб клиник вазиятлар хавфсиз ўқув муҳитида моделлаштирилади. Ходим хато қилишдан қўрқмасдан машқ қилади, хатоларини таҳлил қилади ва зарур амалий кўникмани мукаммаллаштиради.
Натижада ҳақиқий чақирув вақтида тиббиёт ходими учун бундай вазият мутлақо нотаниш бўлмайди.
Шифокорлар, фельдшерлар ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият юритувчи ҳайдовчилар учун назарий ва амалий машғулотларни ташкил этиш имконияти яратилган. Ўқув дастурларида базавий ва кенгайтирилган юрак-ўпка реанимацияси, янги туғилган чақалоқларда реанимация, педиатрияда базавий реанимация, шифохонагача бўлган босқичда жароҳатланган беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, шошилинч туғруқларда тиббий ёрдам ҳамда ҳаёт учун хавфли бошқа ҳолатларда зарур амалий ҳаракатларни бажаришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бунда асосий мақсад ходимга фақат муолажанинг қандай бажарилишини ўргатиш эмас. Энг муҳими — беморнинг ҳолатини тез баҳолаш, устувор вазифаларни аниқлаш, вақтни йўқотмаслик, бригада аъзолари ўртасида вазифаларни тўғри тақсимлаш ва беморни хавфсиз тарзда кейинги даволаш босқичига етказиш бўйича комплекс ёндашувни шакллантириш.
Марказнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг мобил ўқув ускуналари билан жиҳозланганидир. Бу имконият ўқув жараёнини фақат марказ биноси билан чеклаб қўймасдан, Тошкент вилоятининг олис ва чекка ҳудудларида фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам ходимлари учун ҳам амалий машғулотлар ташкил этишга имкон беради.
Бу эса замонавий билим ва амалий кўникмаларнинг ҳудудлар ўртасида тенг тақсимланишига хизмат қилади.
Янги ўқув-симуляция маркази ана шундай мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш ҳамда энг муҳими, Тошкент вилояти аҳолисига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдамнинг сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА