Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси тақдимот қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ бўлинмасида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси, шунингдек, уни ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган замонавий лойиҳаларни тақдим этди.
Миллатлар саройида “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” кўргазмаси ҳамда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндаларини бирлаштирган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
“Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари” мавзусидаги конференция Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг илмий анъаналари жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ушбу мероснинг замонавий жамият учун аҳамиятига бағишланди.
Ушбу тадбир Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида бошланган халқаро мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳар икки учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш доирасида ташкил этилди. Ушбу глобал ташаббус Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк мутафаккирларнинг бой меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига кенг танитишга қаратилган.

Дастур “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” кўргазмаси билан бошланди. Унда китоблар, илмий ва иллюстрацияли нашрлар, миниатюралар, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ва кашфиётлари ҳақидаги материаллар намойиш этилди. Экспозиция минтақа илмий ва бадиий анъаналарининг бойлигини, шунингдек, авлодлар ўртасидаги билимлар давомийлигини очиб берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий вакили Элдиёр Тошматов табрик сўзлари билан иштирок этди.
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда улкан таассурот қолдирди. Бу, бой тарихий мерос замонавий технологиялар ёрдамида тақдим этиладиган илҳом маскани. Бу ҳақиқатан ҳам XXI аср маркази бўлиб, турли авлод вакиллари, айниқса, ёшлар ва болалар учун қизиқарлидир. Кўргазма ҳайратланарли, тақдим этилган китоблар эса мутлақо ноёб. Биз кутубхонамиз ва Марказ ўртасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ўйлайманки, бу жуда қизиқарли ҳамкорлик бўлади, – деди БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая .
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ҳам сўзга чиқди.
–Париждаги ЮНЕСКО тадбирларидан сўнг, буюк аждодларимиз мероси Женевадаги Миллатлар саройида ҳам намойиш этилгани халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан ташкилот кутубхонаси ҳамда архивларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришдик. Бу Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихига оид илгари номаълум бўлган нодир материалларни тадқиқ этиш учун янги истиқболларни очади.
Иштирокчилар Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг Бухоро, Термиз ва Самарқанднинг илмий анъаналари билан боғлиқ меросига алоҳида эътибор қаратдилар. Муҳокамалар марказида билимларнинг ишончлилиги, уларни кейинги авлодларга етказиш масъулияти, шунингдек, эътиқод ва ақл ўртасидаги муносабат масалалари бўлди.
Берлиндаги «Cultur-Cooperation International» ташкилоти директори, WOSCU (Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти) аъзоси Кэтлин Гёбель анжуманда махсус маъруза билан иштирок этди. У ўз нутқида бугунги дунёда тинчликни мустаҳкамлаш давлатлар, жамоат институтлари ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этишини таъкидлади. Шунингдек, Кэтлин Гёбель Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси глобал тинчлик ва ҳамжиҳатлик сари қўйилган муҳим амалий қадам бўлганини алоҳида қайд этди.
– Мен Имом Мотуридий ва Беруний меросини ўргандим ҳамда уларнинг ғоялари нима учун бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани ҳақида мулоҳаза юритдим. Диний мансублигимиздан қатъи назар, ҳар биримиз тинчликпарвар бўлиш ва хилма-хилликка бой жамиятимизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга интилишимиз ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблайман, – деди Latter-day Saint Charities ташкилоти вакили Крейг Тейлор.
Конференциянинг илмий қисмини унинг модератори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов очиб берди. У Марказий Осиё олимларининг кашфиётлари, уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритди.
А. РУСТАМОВ,
ЎзА