Педагог руҳий барқарорлиги — сифатли таълим гарови
Термиз давлат педагогика институтида мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ва психологлари учун ташкил этилган уч кунлик “Мувозанат” тренинг машғулотлари ўз ниҳоясига етди.
400 нафардан ортиқ мутахассис иштирок этган мазкур машғулотлар педагогларнинг психологик саводхонлигини ошириш, руҳий барқарорлигини мустаҳкамлаш, стрессни бошқариш ҳамда касбий чарчоқнинг олдини олишга қаратилди.
Тренинглар давомида иштирокчилар турли психологик машқлар, гуруҳий топшириқлар ва амалий машғулотлар орқали ўз ҳиссиётларини англаш ва бошқариш, мураккаб вазиятларда руҳий мувозанатни сақлаш, ички имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлди.
Айниқса, педагогларнинг касбий фаолиятида учрайдиган руҳий зўриқишларни енгиш, ҳиссий толиқишнинг олдини олиш, жамоада соғлом муносабатларни шакллантириш ҳамда кундалик ҳаётда психологик барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, машғулотларда мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун хавфсиз ва соғлом психологик муҳит яратиш, зўравонликнинг олдини олиш, тарбияланувчиларнинг ҳиссий эҳтиёжларини тўғри англаш ва улар билан самарали мулоқот ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, педагогнинг руҳий ҳолати, мулоқот маданияти ва ҳиссий барқарорлиги таълим-тарбия жараёни самарадорлигида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўз ҳиссиётларини бошқара оладиган, руҳан барқарор педагог болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун соғлом ва ижобий муҳит яратишга муносиб ҳисса қўшади.
[gallery-32120]
“Мувозанат” тренинг машғулотлари иштирокчилар учун ўзаро тажриба алмашиш, касбий фаолиятда зарур бўлган психологик ёндашувларни ўзлаштириш ва амалий кўникмаларини бойитиш имконини берди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА