Фарғонада партия фахрийлари ва фаоллари тақдирланди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан Фарғона шаҳрида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган тадбирда партия фахрийлари, фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шоҳрух Ўктамов сўзга чиқиб, партиянинг 35 йиллик фаолияти, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида тўхталди.
Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини ифода этиш, фуқароларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ўрганиш, уларнинг ечими юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, партия фаолиятида фахрийларнинг кўп йиллик тажрибасидан самарали фойдаланиш, депутатларнинг жойлардаги фаоллигини ошириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, партия олдида турган вазифаларни амалга оширишда фахрийларнинг ҳаётий тажрибаси, депутатларнинг ташаббускорлиги ва бошланғич партия ташкилотларининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади.
Тантанали маросимда партия фаолиятида узоқ йиллар меҳнат қилган, унинг ташкилий ривожланиши ва жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган бир гуруҳ фахрийлар ҳамда депутатларга «Ўзбекистон ХДП ифтихори» кўкрак нишони топширилди.
[gallery-32151]
Тадбир давомида партиянинг келгусидаги устувор вазифалари, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя масалаларида депутатлик назорати ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА