Юрт шарафини улуғлаган музаффар спортчиларимиз Ватанга қайтди
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган XX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза, жами 70 та медалга сазовор бўлиб, 45 мамлакат орасида фахрли бешинчи ўринни эгаллади.
Ватанимиз номини улуғлаб, қитъамизда ўзбек спортининг ўз ўрни, салоҳияти борлигини намойиш этган мамлакатимиз спорт делегациясини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, спорт жамоатчилиги вакиллари ҳамда мухлислар тантанали кутиб олди.
Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ўтказилган Осиё ўйинларида қитъанинг 45 давлатидан 11 минг нафарга яқин спортчи иштирок этди. 16 кун давом этган мусобақалар спортнинг 43 тури ва 71 та йўналиши бўйича ўтказилиб, унда спортчилар 469 та баҳсда жами 1 минг 407 та медаль учун рақобатлашди.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон делегацияси спортнинг 42 тури бўйича баҳсларга киришди. Шундан 36 таси олимпия, 6 таси ноолимпия спорт турларидир. Миллий терма жамоаларимиз таркибида 396 нафар спортчи — 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.
Спортчиларимиз соҳил волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА бўйича Осиё ўйинларида илк бор иштирок этди. Шунингдек, мусобақалар давомида камондан отиш, чим устида хоккей, теннис, серфинг, триатлон ва сквош бўйича «Лос-Анжелес–2028» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар учун баҳслашди.
Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани самараси ўлароқ қитъа миқёсида ўтказиладиган ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси – Осиё ўйинларида спортчиларимиз мунтазам юқори натижаларга эришиб келмоқда.
XX Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини улуғлаган спорт делегациясини тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди ва Президентимиз табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, маросимда иштирок этган ҳукумат вакиллари, вазирлик, ташкилот мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, шоирлар, санъаткорлар Осиё ўйинларининг тафсилотлари, спортчиларимиз эришган ғалабалар хусусида тўлқинланиб сўзлади.
Ғолиб спортчилар номидан сўзга чиққан Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдори, бокс бўйича Осиё ўйинлари чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев, енгил атлетика бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Барнохон Сайфуллаева, шунингдек, қитъамизнинг энг нуфузли спорт тадбирида делегациямиз ҳисобига энг кўп олтин медаль тақдим этган кураш бўйича терма жамоаларимиз бош мураббийи Ризамат Солиев ва бошқалар «Аичи-Нагоя – 2026» мусобақаларининг аҳамияти, давлатимиз томонидан спортчилар учун яратиб берилган шарт-шароитлар эришилган муваффақиятларнинг асосий омили бўлганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон спортчилари қитъанинг энг нуфузли мусобақасида муваффақиятли қатнашишида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга кўра, спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун барча шароит яратилди.
Осиё ўйинларида 2028 йили Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шаънини ҳимоя қилувчи спортчиларимизнинг имконияти ва салоҳияти яна бир бор синовдан ўтказилди. Японияда қайд этилган натижалар ўзбекистонлик мураббийлар ва мутахассислар спортчиларни комплекс мусобақаларга тайёрлашни тўғри йўлга қўйганини кўрсатди.
— Ўғлим Абдумаликнинг Осиё ўйинларида яна бир бор чемпион бўлиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарганидан жуда хурсандман. Бу ғалаба бизга беқиёс қувонч ва фахр бағишлади, — дейди Осиё ўйинларининг икки карра ғолиби Абдумалик Халоковнинг онаси Нигора Якубова. — Фарзандларимизнинг спортда ўз иқтидорини намоён этиши, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши, спортга қаратилаётган юксак эътибори, улар учун барча шароитларни яратиб бергани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий ташаккуримни билдираман. Илоҳим, ўғлим келгусидаги Олимпия ўйинларида ҳам яна бир бор чемпион бўлсин ва Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқимизни яна кўп бор хурсанд қилсин.
Ҳа, спортчиларимиз Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган Осиё ўйинларида ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Бу мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек спортининг ёрқин келажагини таъминлашга қодир спортчилар тарбияланаётгани, уларни келгусида янада юксак ғалабалар кутиб турганидан далолатдир.
Бу галги Осиё ўйинларида 28 мамлакат вакиллари олтин медални қўлга киритган бўлса, 37 та давлат спортчилари камида битта совринли ўрин соҳиби бўлди. Япониядаги мусобақалар давомида бир қатор спорт турлари бўйича 89 та Осиё рекорди янгиланди. Шунингдек, мусобақаларда 54 та жаҳон рекорди, 212 та Осиё ўйинлари рекорди ва 11 та жаҳон ўсмирлар рекорди қайд этилди.
Қувонарлиси, ушбу рекордлар орасида ўзбек полвони ва мергани ҳам ўрин олди. Жумладан, қитъа ўйинларида оғир атлетика бўйича эркаклар ўртасида 110 килограмм вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Акбар Жўраев олтин медалга эга чиқди. У даст кўтаришда дастлаб 190 килограмм оғирликни ўзига бўйсундириб, Осиё ўйинлари рекордини янгилаган бўлса, учинчи уринишда 197 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекордини янгилади. Ўқ отиш баҳсларида Владимир Свечников 10 метр масофадан пневматик тўппончадан отиш дастурида 244,3 очко жамғариб, Осиё ўйинлари рекордини янгилади. Ушбу натижа унга олтин медални ҳам тақдим этди.
– Осиё ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз шарафини яна бир бор улуғлаганимдан хурсандман, – деди оғир атлетика бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Акбар Жўраев – Биз минглаб спорт мухлислари, халқимизнинг ишончи ва қўллаб-қувватлашини ҳис қилган ҳолда беллашувларга киришдик. Осиё ўйинларида жаҳон рекордини янгилаганим ва мусобақадаги муваффақиятимиз мамлакатимизда спортни ривожлантириш, нуфузли спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиш учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
Осиё ўйинларида ҳамюртларимиз Эрон, Таиланд, Қозоғистон, Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Индонезия, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдирди. Умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди. Айни ҳолат спортчиларимизни 2028 йили Америка Қўшма Штатларида бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида, 2030 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтадиган навбатдаги Осиё ўйинларида бунданда юксак муваффақиятларга эришишига мустаҳкам замин ҳозирлаши шубҳасиз.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов иштирок этди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
Тўлқин РЎЗИЕВ,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
ЎзА мухбирлари