Гандбол маркази Гулистонда барпо этилади
Сирдарё вилоятида спорт инфратузилмасини модернизация қилиш, халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, янги чемпионлар авлодини тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Гулистон шаҳрида Ўзбекистондаги ягона ихтисослашган Гандбол маркази барпо этилаётган бўлса, Марказий стадион тубдан реконструкция қилинмоқда. Умумий қиймати қарийб 90 миллиард сўм бўлган ушбу икки йирик лойиҳа вилоятда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий мусобақа ва машғулот майдонларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов вилоятга ишчи ташрифи давомида мазкур объектларда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Масъуллар томонидан лойиҳаларнинг амалга оширилиши, қурилиш суръатлари ва белгиланган режалар ҳақида маълумот берилди.
Лойиҳа қиймати 39 миллиард сўм бўлган, 16 минг томошабинга мўлжалланган Гулистон шаҳридаги Марказий стадион Давлат раҳбарининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити ва инфратузилмани яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида реконструкция қилинмоқда. Қурилиш ишлари «Aziza Credo Max» МЧЖ томонидан олиб борилмоқда.
Реконструкция доирасида стадионнинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида янгилаш, томошабинлар ва спортчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган. Жумладан, замонавий трибуналар, сояли жойлар, санитария узеллари, овқатланиш шохобчалари ва болалар майдончалари барпо этилади. Шунингдек, ҳакамлар, спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун алоҳида хоналар, тиббий пунктлар ташкил этилади. Электр таъминоти, сув, канализация ва интернет каби муҳандислик коммуникациялари ҳам тўлиқ янгиланади.
[gallery-32708]
Аввалги стадионнинг анча эскиргани ва бугунги кун талабларига жавоб бермай қолганини инобатга олсак, реконструкция нафақат иншоотнинг ташқи қиёфасини янгилаш, балки унинг функционал имкониятларини ҳам кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ташриф давомида «Янги Ўзбекистон боғи» ҳудудида барпо этилаётган Гандбол марказидаги қурилиш жараёнлари ҳам кўздан кечирилди. Қиймати 49 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа «Abdumalik Fayz Qurilish» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, ушбу мажмуа республикадаги ягона ихтисослашган Гандбол маркази бўлади. Қарийб минг нафар спортчи ва мухлисни қамраб олиш имкониятига эга бўлган иншоотда айни пайтда спорт зали трибуналарини якунлаш, хоналарни пардозлаш, электр монтаж ишлари ҳамда ташқи ҳудудни ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Вазир ўринбосари қурувчилар ва мураббийлар билан суҳбатлашиб, қурилиш жараёни, бажарилаётган ишлар сифати, мавжуд масалалар ва таклифлар юзасидан фикр алмашди. Лойиҳаларни белгиланган муддатларда, қурилиш меъёрлари ва сифат талабларига мувофиқ якунлаш муҳимлигини қайд этди.
Мазкур иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши Сирдарё вилоятининг спорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Жумладан, Марказий стадион республика ва халқаро миқёсдаги футбол мусобақаларини юқори савияда ўтказиш имкониятларини кенгайтирса, Гандбол маркази иқтидорли ёшларни саралаш, тайёрлаш ва уларнинг спорт маҳоратини ошириш учун замонавий ихтисослашган база вазифасини ўтайди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА