Футзал: 4-турда 400-голга гувоҳ бўламизми?
Жорий йилнинг 26–29 ноябрь кунлари Тошкентдаги "Юнусобод" спорт мажмуасида футзал бўйича ХХХ миллий чемпионатнинг биринчи даврасига якун ясайдиган 4-тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Тўрт кун давомидаги ўйинларда жами 12 та учрашув ўтказилишини назарда тутсак, Олий лига жамоалари сўнгги уч тур давомида босиб ўтган йўлига назар ташлаш, хулосалар чиқариш ва кейинги режаларни белгилаб олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Айтиш лозимки, дастлабки уч тур давомида жамоалар рақиблар дарвозасига 339 та гол киритган бўлса, 1-турда 114 та, 2-турда 115 та, 3-турда эса 110 та гол қайд этилди. Бу, ҳар бир турда навбатдаги юзлик маррани забт этган юбилей голларга гувоҳ бўлиш имконини тақдим этди.
Биринчи юзлик марраси 1-турдаги “Самарқанд” — “Сайхун” учрашувининг 39-дақиқасида самарқандликлар сардори Меҳрож Худойбердиевнинг юбилей голи орқали забт этилди.
Иккинчи юзлик марраси 2-турда “Олмалиқ” ва “Нурафшон” (6:2) баҳсининг 36-дақиқасида бухороликлар вакили Амирбек Насриддинов томонидан қайд қилинди.
Навбатдаги юбилей гол 3-турнинг BMB PFC (Жиззах) ва “Хоразм” жамоалари ўртасидаги баҳсида киритилди. Аввалги иккита турдаги ҳолатдан фарқли равишда, ушбу уч юзлик юбилей гол BMB PFCнинг ғалабасини мустаҳкамлади. 40-дақиқада Жеан Альдемиро томонидан киритилган гол жиззахлик мухлисларга қувонч улашди.

Анъанага мувофиқ, 4-турда ҳам навбатдаги юзлик маррага гувоҳ бўламизми? Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Аммо, ортда қолган учта турнинг ҳар бирида ўртача 6,28 тадан гол киритилганини эътиборга олсак, 400-гол айнан “Юнусобод”да кечадиган футзал баҳсида қайд этилишига умид уйғотмоқда.

Футзал бўйича мамлакат чемпионати — Олий лигасининг 3-туридан сўнг тўпурарлар пойгасида “Maksam-Chirchiq” ҳужумчиси Тоҳирбек Абдукаримов пешқадамлик қилмоқда. Тошкент вилояти вакили чемпионатнинг 9 та учрашувида рақиблар дарвозасига 11 та гол уришга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 4-тур доирасида 26 ноябрь куни “Самарқанд” - “Насаф”, “Maksam-Chirchiq” - SQB, “Зарафшон” - “Хоразм” жамоалари куч синашади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА