"Ёшлар ойлиги" самарали ўтмоқда
Тошкент вилояти талабалари "Ёшлар ойлиги" доирасида ақл ва чаққонликни синовчи "Қувноқлар ва зукколар" кўрик-танловида беллашди. Вилоят кубогини кимлар қўлга киритди?
“Ёшлар ойлиги” ва 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Тошкент вилоятидаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ўтказилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган танловда жамоалар Тошкент вилоят кубогини қўлга киритиш учун ўзаро беллашди. Асосий мақсад – ёшларнинг ижтимоий-маънавий билимларини бойитиш, истеъдодли ва ташаббускор талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилоят Кенгаши раиси С.Файзиева иштирокчи жамоаларга муваффақият тилади. Касаба уюшмалари томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида тўхталиб, ушбу кўрик-танлов ҳам ана шундай муҳим ташаббуслардан бири эканини таъкидлади. Танлов давомида жамоалар “Тошкент вилоятида нима гаплар?”, “Ҳакамлар билан савол-жавоб” ҳамда “Мусиқий чиқиш” шартлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Жамоаларнинг чиқишлари маданият ва санъат соҳаси вакиллари, касаба уюшмалари мутахассислари ҳамда жамоатчилик фаолларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, Чирчиқ давлат педагогика университетининг “Парвоз” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Тошкент вилояти кубоги соҳибига айланди. Иккинчи ўринни Тошкент давлат аграр университетининг “Янги юлдузлар” жамоаси, учинчи ўринни эса Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университетининг “Амакиваччалар” жамоаси қўлга киритди.
Якунда ғолиблар ва махсус номинациялар бўйича совриндорлар дипломлар, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА