Ўзбекистон ва Озарбайжон: Ишонч, дўстлик ва муштарак тарихга асосланган иттифоқчилик
Давлатлар ўртасидаги муносабатларни сиёсий ҳужжатлар ва халқаро шартномалар билан ўлчаш мумкин. Бинобарин, халқлар ўртасидаги ҳақиқий дўстликни фақат дипломатик ҳужжат билан ифодалаб бўлмайди. Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий кучи ҳам шунда.
Халқларимизни асрлар давомида шаклланган умумий тарих, туркий илдиз, тил яқинлиги, маданият, адабиёт, маънавий қадриятлар ва инсонлар ўртасидаги самимий муносабат бирлаштириб келган. Бугунги давлатлараро иттифоқчилик айни тарихий пойдеворга таянади.
Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар шериклиги сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Маданият кунлари, санъат фестиваллари, илмий конференция, адабий тадбир, таълим дастури ва ёшлар лойиҳалари икки халқ маънавий алоқаларини янада мустаҳкамламоқда.
Шуша ва Хива, Боку ва Тошкент, Бухоро ва Ленкоран каби тарихий шаҳарларимиз ўртасидаги алоқалари маънавий яқинликнинг ёрқин ифодасидир. Умумий адабий меросимиз ҳам улкан бойлик. Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий каби буюк мутафаккирлар асарлари халқларимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда Низомий Ганжавий номидаги таълим муассасаси мавжудлиги ҳам ўзаро юксак ҳурмат ифодасидир.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик келажак учун муҳим аҳамиятга эга. Ёш авлодлар бир-бирининг тарихи ва маданиятини нечоғли яхши билса, икки халқ дўстлиги шунча мустаҳкам бўлади.
Масалан, Фузулий шаҳрида Ўзбекистон ташаббуси билан Мирзо Улуғбек номли умумтаълим мактаби барпо этилиши алоҳида тарихий аҳамият касб этади. Бу иншоот нафақат таълим маскани, балки қардош юртга нисбатан биродарлик муносабати рамзига айланди.
Ўзбек халқи ва шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжондаги озод этилган ҳудудларни тиклаш жараёнига қаратаётган эътибори ва амалий ёрдами икки эл хотирасида абадий сақланишига шубҳа йўқ. Айниқса биз, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган озарбайжонлар учун бундай муносабат алоҳида қадрли.
Миллий-маданий марказлар фаолияти турли миллат вакиллари ўз маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаши баробарида умумий Ватан – Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш имконини ҳам яратади. Республика Озарбайжон Миллий-маданий маркази фаолияти айни тамойил асосига қурилган. Биз жамиятда озар халқи бой маданий меросини янада кенг танитиш, ўзаро дўстликни мустаҳкамлаш ва икки давлат ўртасидаги халқ дипломатиясини ривожлантиришга ҳисса қўшишни муҳим вазифамиз, деб биламиз. Зеро, ҳақиқий дипломатия инсонлар ўртасидаги муносабатдан бошланади.
Ўзбекистонлик сайёҳ Озарбайжонда қардош юрт тафтини ҳис қилади, озар меҳмон Тошкент, Самарқанд, Бухоро ёки Хивада ўзини яқин инсонлар орасида сезади. Бу халқ дипломатияси натижасидир. Айни жараёнда ёшларга алоҳида эътибор бериш зарур. Келажакда Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатларини янада мустаҳкамлайдиган авлод бугундан бир-бирининг тили, тарихи, маданияти ва қадриятини билиши керак. Хусусан, ёшлар алмашинуви, маданий тадбирлар, таълим дастурлари, спорт мусобақалари ва қўшма медиа лойиҳалар кўламини кенгайтириш жуда муҳим.
Бугун олдимизда улкан тарихий имконият турибди: нафақат давлатлараро иттифоқчилик, балки халқларимиз ўртасидаги маънавий кўприкни ҳам янада мустаҳкамлаш лозим.
Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга навбатдаги давлат ташрифи шу жараёнга янги мазмун бағишлайди. Бу воқеа икки қардош давлат муносабатини янада ривожлантириш учун ғоят муҳим. Биз, Ўзбекистондаги Озарбайжон диаспораси, ушбу ташрифни самимий қувонч билан қарши олдик.
Ишонамизки, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабати келгуси авлодлар учун абадий мерос бўлиб қолади.
Мобил Мамедов,
Республика Озарбайжон Миллий-маданий
маркази бошқаруви раиси