ННТлар – давлат ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк
Замон ҳар доим ўз тарозисига ишончни қўяди. Давлат билан халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприкнинг асосий мезони ҳам ана шу ишончдир. Жамоат ташкилотлари вакиллари фаолият юритиш учун жой тополмай, муҳрини сумкасига солганча идорама-идорага сарсон юрган кунлар ҳали ёдимиздан чиқмаган. Бугун эса ислоҳотлар самарасида ўлароқ, фуқаролик жамияти институтлари замонавий биноларда, аниқ ваколат ва ишонч билан халқ манфаати йўлида хизмат қилмоқда. Бу ҳолат тасодифий эмас, балки изчил давлат сиёсатининг табиий ва мантиқий натижасидир.
Ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш бир йўналишли жараён эмас. Ислоҳотларнинг чуқурлиги, аввало, жамиятдаги фуқаролар бирлашмалари, нодавлат ташкилотлар ва ташаббускор фуқароларнинг унга қай даражада дахлдорлигига ҳам боғлиқ. Шу жиҳатдан жамоат ташкилотлари ислоҳотларга томошабин эмас, балки аҳоли эҳтиёжини аниқлайдиган, муаммоларни тизимлаштирадиган ва асосли таклифлар ишлаб чиқадиган фаол иштирокчидир. Уларнинг вазифаси давлат бошқарувини такрорлаш эмас, балки давлат сиёсатини инсонга янада яқинлаштиришдан иборатдир.
Нодавлат ташкилотнинг устунлиги шундаки, у муаммони расмий ҳисоботдан олдин – аҳоли билан бевосита мулоқотда, мурожаатларни қабул қилиш жараёнида ва кундалик кузатувда ҳис қилади. Давлат идораси муаммони статистик кўрсаткичлар орқали англаса, жамоат ташкилоти уни инсон тақдири, оила бюджети ва бузилган ҳуқуқлар призмасидан кўради. Ана шу икки ракурс уйғунлашганда давлат сиёсатининг сифати ва самарадорлиги ортади. Демак, жамоат ташкилотининг қиймати танқидда эмас, балки муаммони далиллар асосида кўрсата олиш ва унга амалий ечим таклиф эта олиш қобилиятидадир.
Шу жиҳатдан нодавлат ташкилотлар давлат билан рақобатлашмайди. Давлат ҳокимияти норматив қарорлар қабул қилиш, мажбурий ижрони таъминлаш, бюджет ва маъмурий ресурсларни бошқариш ваколатига эга. Жамоат ташкилотлари эса аҳоли манфаатларини ифода этиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, мустақил мониторинг ўтказиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда жамият билан давлат ўртасида ишончли мулоқотни йўлга қўйиш салоҳиятига эга. Уларнинг вазифалари турлича бўлса-да, мақсадлари умумий: инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, барқарор тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш. Шу боис муносабатлар “ким устун?” деган рақобат мантиғига эмас, балки “ким қайси имконият билан умумий муаммони самарали ҳал қилади?” деган ижтимоий шериклик мантиғига қурилиши лозим.
Нодавлат ташкилотларни давлат билан халқ ўртасидаги кўприк деб аталиши бежиз эмас. Кўприкнинг вазифаси икки томонни бир-бирига боғлашдан иборат бўлганидек, жамоат ташкилоти ҳам фуқаронинг овозини давлат идорасига, давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини эса аҳолига етказади. У бир томондан фуқароларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, мурожаатни тўғри расмийлаштиришга кўмаклашади, қонуний талабнинг чегарасини белгилаб беради. Иккинчи томондан эса давлат органларига жойлардаги ҳақиқий вазият, хизматлар сифати, қарорларнинг амалий таъсири ва аҳоли кутилмалари ҳақида ишончли ахборот тақдим этади. Бундай воситачилик такрорий мурожаатлар, асоссиз кескинлик, бюрократик сарсонгарчилик ва давлатга нисбатан ишончсизликнинг олдини олади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсий ирода ва изчил ташаббуслар ана шу ҳамкорлик моделининг ҳуқуқий ва институционал асосини мустаҳкамлади. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни беқиёс эканини, улар аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиши ва асосланган таклифлар бериб бориши зарурлигини таъкидлади. 2020 йилги Олий Мажлисга Мурожаатномада мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни кенгайтириш, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтириш вазифаси қўйилди. Бу ёндашув давлат ва жамоат ташкилотлари муносабатини тасодифий ҳамкорликдан тизимли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилди.
Президентнинг 2018 йил 4 майдаги ПФ-5430-сон Фармони мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чораларни белгилаб берди. 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармон билан тасдиқланган 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси эса соҳадаги ишларни узоқ муддатли мақсадлар, аниқ йўналишлар ва натижа кўрсаткичлари асосида ташкил этишга замин яратди. 2024 йил 26 августдаги ПФ-124-сон Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириб, ягона жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, давлат грантлари ҳамда ижтимоий буюртмалар жараёнларини рақамлаштириш, маслаҳат гуруҳларини шакллантириш ва жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш каби амалий чораларни белгилади.
Ушбу ҳужжатлар мазмунан бир муҳим тамойилни ифода этади: давлат жамоатчилик ташкилотларини фақат тадбир ўтказувчи ёки ҳисобот берувчи тузилма сифатида эмас, балки ижтимоий муаммолар ечимига интеллектуал, ташкилий ва амалий ҳисса қўшадиган ҳамкор сифатида кўрмоқда. Қўллаб-қувватлашнинг мазмуни ҳам фақат молиявий ёрдам билан чекланмайди. У ҳуқуқий кафолат, очиқ мулоқот майдони, давлат ижтимоий буюртмаси, грант, субсидия, маслаҳат органларида иштирок, жамоатчилик эшитувлари, парламент ва маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик каби комплекс механизмларни қамраб олади. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш эса жамоат ташкилотларининг зиммасига катта масъулият юклайди: улар профессионал, холис, далилга асосланган ва натижага йўналтирилган бўлиши шарт.
Жамоатчилик ташкилотлари ислоҳотлар жараёнида томошабин бўлиб қолмаслиги ҳақидаги талабнинг моҳиятида, энг аввало, ташаббускорлик туради. Ислоҳот натижасини кутиб ўтириш эмас, балки муаммони эрта аниқлаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, қонун лойиҳалари ва давлат дастурлари муҳокамасида иштирок этиш, ижро жараёнидаги бўшлиқларни кўрсатиш ва ечим таклиф қилиш — мана шулар фаол фуқаролик позициясининг амалий кўринишларидир.
Муҳими, бу фаоллик популизм ёки асоссиз қарама-қаршиликка айланмаслиги шарт. Жамоат ташкилотининг нуфузи баланд овоз билан эмас, балки муаммони қанчалик тўғри ўргангани, далилларни қанчалик пухта тўплагани ва таклифининг қай даражада ҳаётий экани билан белгиланади.
Ижтимоий шерикликнинг моҳияти ҳам айнан шу ерда намоён бўлади. Давлат органи ва жамоат ташкилоти битта муаммога турли ресурслар билан ёндашади: давлатда ваколат, инфратузилма ва ижро механизми бўлса, жамоат ташкилотида аҳоли билан ишончли алоқа, мустақил кузатув ва манфаатларни ифода этиш имконияти мавжуд. Уларнинг ҳамкорлиги натижасида қарорларнинг манзиллилиги ошади, ижтимоий харажатлар камаяди, аҳолининг ҳуқуқий онги юксалади ва низолар кескинлашмасдан ҳал этилади. Шу сабабли ижтимоий шерикликни бир марталик меморандум ёки тадбир билан чеклаб қўйиш нотўғри. У муаммони аниқлашдан тортиб, чора-тадбир режасини ишлаб чиқиш, бажариш, мониторинг ва натижани баҳолашгача бўлган тўлиқ циклни қамраб олиши лозим.
Жамоатчилик назорати демократик бошқарувнинг яна бир муҳим таянчидир. Давлат назорати қонун бузилишига нисбатан маъмурий ёки ҳуқуқий чора кўриш ваколатига эга бўлса, жамоатчилик назорати жамият манфаати нуқтаи назаридан хизматлар сифати, очиқлик, адолатлилик ва қабул қилинаётган қарорларнинг ижтимоий самарадорлигини баҳолайди.
Жамоатчилик назоратининг энг катта кучи профилактикада намоён бўлади: муаммо чуқурлашиб кетишидан олдин аниқланади, масъул ташкилотга таклиф ва тавсия берилади, жамоатчилик хабардор қилинади ва камчиликни бартараф этиш учун шароит яратилади. Таъсирчан жамоатчилик назорати давлат идорасини заифлаштирмайди; аксинча, уни хатолардан эртароқ огоҳлантиради, ҳисобдорлигини оширади ва аҳоли ишончини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ана шу тамойилларни амалий натижага айлантираётган йирик институтдир. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги қарори асосида фаолият юритаётган Федерациямиз бугунги кунда 14 та ҳудудий бирлашма, 208 та туман ва шаҳар жамияти, 1 216 нафар ходимни ўз ичига олган кенг тизимга айланди. “1091” ишонч телефони, виртуал қабулхона ва Telegram-бот каби электрон каналлар аҳоли билан узлуксиз мулоқотни таъминлайди.
Федерация мисолида нодавлат ташкилотнинг давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифаси аниқ кўринади. Истеъмолчи кўпинча ҳуқуқи бузилганда қайси идорага мурожаат қилиш, қандай ҳужжат тўплаш, талабини қайси қонун нормаси билан асослашни билмайди. Федерация мутахассислари унинг мурожаатини ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилади, тегишли ташкилот билан музокара олиб боради, талабнома киритади, қайта ҳисоб-китоб ёки товарни алмаштириш масаласини кўтаради, зарур ҳолда назорат органи ёки судга мурожаат қилади. Натижада фуқаро муаммоси маъмурий идоралар ўртасида сарсон бўлмайди, давлат органи эса ҳуқуқий жиҳатдан тайёрланган ва аниқ ифодаланган масалани кўриб чиқади. Бу ҳам аҳолининг, ҳам давлат бошқаруви органларининг вақт ва ресурсини тежайди.
Рақамлар бунинг далилидир. 2021–2025 йилларда Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига жами 65 649 та мурожаат келиб тушди. Улардан 60 183 таси, яъни 91,7 фоизи ижобий ҳал этилди. Йиллар кесимида кўрсаткич изчил ошди: 2021 йилда 11 363, 2022 йилда 13 522, 2023 йилда 13 731, 2024 йилда 12 199, 2025 йилда эса 14 834 та мурожаат кўриб чиқилди.
Беш йил ичида мурожаатлар сонининг 30 фоиздан зиёд ортиши бир томондан, истеъмол муносабатларида муаммолар ҳали етарлича эканини кўрсатса, иккинчи томондан, аҳолининг Федерацияга бўлган ишончи ва ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга тайёрлиги ошганини тасдиқлайди.
Мурожаатлар статистикаси оддий рақам эмас, жамиятдаги оғриқ нуқталарининг харитасидир. Савдо, коммунал хизмат, транспорт, тиббиёт, кредит ва рақамли савдо соҳаларидаги шикоятларни тизимли таҳлил қилиш давлат органлари учун ҳам муҳим бошқарув ахбороти бўла олади. Шу боис Федерациямиз низоларни ҳал этувчи тузилма бўлиш билан бирга, истеъмол бозоридаги тенденцияларни кўрсатувчи жамоатчилик таҳлил марказига ҳам айланмоқда.
2021–2025 йилларда музокара, ҳуқуқий тушунтириш ва қайта ҳисоб-китоб орқали истеъмолчилар фойдасига жами 279,409 миллиард сўм маблағ тикланди: 2021 йилда 20,394 миллиард, 2022 йилда 43,587 миллиард, 2023 йилда 55,442 миллиард, 2024 йилда 74,787 миллиард, 2025 йилда эса 85,2 миллиард сўм. Беш йилда бу кўрсаткичнинг тўрт баравардан зиёд ошиши Федерациямиз фаолияти қамрови кенгайганини кўрсатади. Аммо бу рақамлар ортида, энг аввало, оила бюджетига қайтарилган маблағ ва тикланган ишонч турибди.
Низоларнинг катта қисми судгача ҳал этилиши давлат идоралари ва судлар зиммасидаги юкламани сезиларли камайтиради. Назорат органлари иштирокида эса 2021–2025 йилларда 180 та ҳолат ҳал қилиниб, 456,993 миллион сўм истеъмолчилар фойдасига ундирилди. Аммо барча низони судгача ҳал этиб бўлмайди. Тадбиркор қонуний талабни ихтиёрий бажармаган ҳолларда суд ҳимояси энг таъсирчан воситага айланади. Мана шундай вазиятларда Федерациямиз даъво аризасини тайёрлаш, далил тўплаш ва фуқаро манфаатини судда ифода этишда ёрдам беради. Бу, айниқса, ҳуқуқий ва молиявий имконияти чекланган фуқаролар учун муҳим.
2021–2025 йилларда истеъмолчилар манфаатида жами 691 та суд иши олиб борилди, суд қарорлари асосида 66,554 миллиард сўмлик зарар қопланди. Сўнгги уч йилда 454 та иш бўйича 62,748 миллиард сўм маблағ ундирилгани даъво материалларини тайёрлаш ва йирик мулкий манфаатларни ҳимоя қилиш борасидаги салоҳиятимиз сезиларли кучайганидан далолат беради.
Федерациянинг вазифаси фақат мурожаатларга жавоб беришдан иборат эмас. Давлат томонидан яратилаётган имкониятлар институционал салоҳиятимизни ҳам оширмоқда. 2024 йилда давлат субсидияси ҳисобидан Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда истеъмолчилар ҳуқуқларига оид 11 номдаги амалий қўлланма чоп этилди. Бу тизим ходимлари ва аҳоли учун муҳим ҳуқуқий-услубий база яратди.
“Давлат – фуқаролик жамияти институтлари – тадбиркорлик субъектлари” тамойили асосида амалга оширилаётган “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳалари эса самарали ҳамкорликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Олтиариқ, Риштон, Фарғона, Қизилтепа, Навбаҳор, Косон, Ангор, Тўрақўрғон ва бошқа кўплаб туманларда, шунингдек, Зарафшон, Марғилон, Фарғона шаҳарларида қурилган маъмурий бинолар аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, низоларни судгача ҳал этиш ва истеъмол маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган ҳудудий ижтимоий-ҳуқуқий марказларга айланди. Бу лойиҳалар ижтимоий шериклик фақат меморандум ёки учрашувлар билан эмас, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган аниқ инфратузилмавий натижаларда ҳам намоён бўлишини кўрсатади.
Федерациямиз нуфузи фақат ички натижалар билан чекланмайди. 2018 йилдан Consumers International халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлиб, 100 дан ортиқ мамлакатдаги 200 дан зиёд ташкилотни бирлаштирувчи глобал тармоққа қўшилдик. Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Россия ва бошқа қатор мамлакатларнинг турдош ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоладик, Буюк Британия, АҚШ, Германия каби мамлакатлар билан алоқалар ўрнатилди.
2020 йилда Тошкент ва Самарқандда ўтказилган Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси, 2021 йилда Хива ва Урганчда ўтказилган “Сайёҳ–2021” форуми ва Хива декларацияси, 2024 йилда Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар иштирокида ўтказилган, 43 нафардан ортиқ хорижий ва 250 нафардан зиёд маҳаллий иштирокчини бирлаштирган Маслаҳат йиғилиши, шунингдек, 2025 йил июлда Женевада ЮНКТАДнинг тўққизинчи конференциясидаги иштирокимиз миллий истеъмолчилар ҳаракатининг глобал мулоқотга чиққанини кўрсатади. Consumers International томонидан 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган Global Congress анжуманини Ўзбекистонда ташкил этиш таклифининг илгари сурилгани эса мамлакатимизга ва Федерациямиз салоҳиятига билдирилган катта ишончдир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардим: Федерациямиз нуфузи давлатга яқин ёки узоқлиги билан эмас, мустақил позицияни конструктив ҳамкорлик билан уйғунлаштира олиши билан белгиланади. Биз давлат органи билан ҳамкорлик қиларканмиз, муаммони яшириб қўймаймиз, аҳоли манфаатини принципиал ҳимоя қиламиз, бироқ ҳар қандай камчиликни қарама-қаршиликка эмас, қонуний ва ечимга йўналтирилган таклифга айлантирамиз. Мана шу мувозанат кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгисидир.
Шу боис Федерациямиз жамоатчилик назоратини бир марталик тадбир эмас, балки аниқ мезон, далил ва тавсиялар асосида қурилган тўлиқ цикл сифатида олиб боришни устувор вазифа деб билади. Келгусида мурожаатларни ягона рақамли платформада бошқариш, соҳалар кесимида муаммолар харитасини шакллантириш, медиация ишларини алоҳида ҳисобга олиш, суд қарорлари ижросини мониторинг қилиш ҳамда халқаро меморандумларнинг амалий натижадорлигини баҳолаш устида изчил ишлашни давом эттирамиз. Бундай ёндашув мурожаатларни фақат қабул қилиш эмас, уларнинг сабабини бартараф этишга хизмат қиладиган тизимли ишга айланиши учун замин яратади.
65 649 та мурожаатнинг кўриб чиқилиши, 60 183 тасининг ижобий ҳал этилиши, 279,409 миллиард сўм маблағнинг истеъмолчилар фойдасига қайтарилиши, 691 та суд иши орқали 66,554 миллиард сўмнинг ундирилиши қуруқ статистик рақамлар эмас. Булар давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигининг жонли натижасидир. Ҳар бир ҳал этилган мурожаат бир фуқаронинг муаммоси ечим топгани билан чекланмайди, балки давлат билан жамият ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамланганини англатади. Ҳар бир суд қарори фақат муайян сумманинг ҳақли эгасига қайтарилишигина эмас, қонун устуворлигининг таъминланганидир. Ҳар бир халқаро форум эса Ўзбекистон истеъмолчилар ҳаракатининг халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Бу натижаларни давлат органлари билан рақобат эмас, вазифалар тақсимоти нуқтаи назаридан баҳолаш тўғри бўлади. Федерациямиз суд қарорини чиқармайди, маъмурий санкция қўлламайди ва давлат назорати ваколатини ўзлаштирмайди. У фуқаронинг ҳуқуқий имкониятини кучайтиради, масалани ваколатли органга пухта тайёрланган ҳолда олиб чиқади ва қонуннинг амалда ишлашига кўмаклашади. Шу тариқа жамоат ташкилоти давлат институтларининг ўрнини босмайди, балки уларнинг инсон манфаатига хизмат қилиш салоҳиятини оширади. Ваколатларни аралаштирмаган ҳолда, ҳар бир иштирокчининг ўз вазифасини масъулият билан бажариши тамойили ижтимоий шерикликнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлайдиган асосий омилдир.
Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ана шундай аниқ натижалар орқали ўз ҳаётий самарасини намоён этмоқда. Федерация жамоаси ушбу ишончни оқлаш, аҳоли манфаатини ҳимоя қилишда давлатимизнинг фаол ва масъул ҳамкори бўлиб қолишни ўз бурчи деб билади.
Жаҳонгир Саримсоқов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси