Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамизнинг дастлабки медали олтин бўлди
Тошкентда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди.
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да ўтаётган мусобақани енгил вазн тоифаларидаги дзюдочилар бошлаб берди.
Чемпионатнинг илк кунида йигитлар 60 ва 66 килограммгача, қизлар эса 48, 52 ва 57 килограммгача вазн тоифаларида ғолиблик учун курашди. Беллашувларда терма жамоамиз шарафини 12 нафар спортчи ҳимоя қилди.
Муҳаммаджон Машарипов 60 килограммгача вазн тоифасида Хитой, Мўғулистон, Бразилия ва Тожикистон вакилларидан устун келиб, финалга йўл олди.
[gallery-32619]
Олтин медаль учун беллашувда ҳамюртимиз катталар ўртасидаги Гран-при турнири совриндори, АҚШ вакили Жонатан Янгни мағлуб этди. Шу тариқа Муҳаммаджон Машарипов ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА