Ўзбек ва жаҳон футболидаги муҳим воқеалар
Футбол оламидаги муҳим воқеалар қисқа сатрларда.
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг 5-турида «Нефтчи» 23 ноябрь куни ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубини қабул қилса, «Пахтакор» шу куни Жидда шаҳрида «Ал-Иттиҳод» меҳмони бўлади. Учрашувлар Тошкент вақти билан соат 18:45 ва 23:15 да бошланади. Ўтган тўрт тур якунидан сўнг, «Нефтчи» 4 очко билан 9-ўринни, «Пахтакор» эса 2 очко билан 14-ўринни эгаллаб турибди.
***
U19 ёш тоифасида Ўзбекистон чемпионатининг финал баҳсида «Пахтакор» клуби «Насаф» устидан 1:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувдаги ягона голни 13-дақиқада Асадбек Шуҳратов киритди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда «Республика ФА» 2:0 ҳисобида «Машъал» жамоасидан устун келди. Шу тариқа, «Пахтакор» мамлакат чемпионига айланган бўлса, кумуш медаль «Насаф»га, бронза эса «Республика ФА» клубига насиб этди.
***
“Globe Soccer Awards” мукофотида йилнинг энг яхши мураббийи номинацияси бўйича даъвогарлар рўйхати эълон қилинди. Ундан Микель Артета, Кристиан Киву, Унаи Эмери, Луис Энрике, Сеск Фабрегас, Ханси Флик, Пере Ромеу, Венсан Компани, Луис де ла Фуэнте ва Лионель Скалони ўрин олди. Мухлислар 18–30 ноябрь кунлари номзодлар учун овоз беришлари мумкин. Ғолиб 28 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиладиган тақдирлаш маросимида маълум бўлади.
***
«Championat.asia» нашри тарқатган маълумотга кўра, 2027 йилги Суперлига мавсумида «Adidas» ўрнига «Puma» тўпларидан фойдаланилади. Айни пайтда мазкур бренд тўплари Англия Премьер-лигаси, Испания Ла Лигаси ва Италия А Сериясида ҳам қўлланилмоқда.
***
Хитойда миллий терма жамоага чақирилган футболчиларнинг майдонда кўриниб турадиган татуировкаларини махсус тана рангидаги енглар билан беркитиш талаби янада қатъийлаштирилди. Мазкур чеклов миллий терма жамоа ўйинларига тааллуқли бўлиб, ички чемпионатларда ҳозирча амал қилмайди. Қарор мамлакатда спортчиларнинг ташқи кўринишига доир талабларни кучайтириш сиёсати доирасида қабул қилингани таъкидланмоқда.
***
Португалиялик футбол агенти Мигел Альфонсо Криштиану Роналдунинг миллий терма жамоадаги фаолияти якунланиши федерация учун молиявий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, 2030 йилги жаҳон чемпионатига қадар йўқотишлар тахминан 85 миллион еврога етиши мумкин. Шунингдек, агент терма жамоада янги етакчини шакллантириш зарурлигини қайд этди.
***
«Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе 24 ноябрь куни “ПСВ” жамоасига қарши ўтадиган учрашувда гол урса, Чемпионлар лигасидаги голлари сонини 75 тага етказади. У бу натижага 27 ёшу 339 кунлигида эришиши мумкин. Мазкур маррага ёш жиҳатидан энг эрта эришган футболчи Лионель Месси ҳисобланади. Аргентиналик юлдуз 75-голини 27 ёшу 169 кунлигида урган.
***
Европа клублари иттифоқи УЕФА ва Европа футбол клублари уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик келишувини текшириш юзасидан Европа комиссиясига мурожаат қилди. Иттифоқ фикрича, мазкур келишув айрим етакчи клубларга еврокубокларга йўлланмалар, мусобақалар тақвими ва даромадларни тақсимлаш билан боғлиқ қарорларда устунлик бериши мумкин. Шу боис Европа комиссиясидан келишувнинг рақобат қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш сўралган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА